Ўзбекистоннинг 47 та «шароити оғир» бўлган туманида тадбиркорлар учун мол-мулк ва ер солиғи ставкаларини пасайтириш, фойдаланилмаётган объектлар эгаларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилишини бекор қилиш режалаштирилмоқда. Мазкур ўзгаришларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Қонун лойиҳасида, шунингдек,

  • давлат органларига, муассаса ва ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ва улар томонидан бошқа ташкилотларга ижарага берилган ерларни солиққа тортиш тартибини такомиллаштириш;
  • ерлардан кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда уй-жой эгалари учун уч карра оширилган ставкада ер солиғини ҳисоблаш тартиби қўлланишини тўхтатиб туриш;
  • электротехника тармоқ корхоналарининг ихтисослаштирилган марказларини қўллаб-қувватлаш орқали инновацион технологиялар жорий этилишини рағбатлантириш кўзда тутилмоқда.

Аввалроқ президент қарори билан жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғидан қарзга ҳисобланган пеня суммалари, охирги 6 ойда ишламаётган ЯТТларнинг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан қарзи ҳамда уларга ҳисобланган пеня ва жарима суммаси ҳисобдан чиқарилиши хабар қилинганди.