Ўзбекистон мактабларида мавжуд фанлар ва дарсдан ташқари жараёнлар доирасида махсус ижтимоий-эмоционал ўқув соатлари (Social Emotional Learning, SEL) йўлга қўйилади. Бу ҳақда президент қарорида сўз борган.

Буни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда амалга оширади. Дарслардан мақсад ўқувчиларда ўзини ўзи бошқариш, мураккаб ҳаётий вазиятларни енгиб ўтиш кўникмаларини шакллантириш, депрессия, хавотирли ҳолатлар ва суицидларнинг олдини олиш ҳисобланади.

2023 йил 1 сентябрдан тиббиёт ходимларини психиатрия, суд психиатрияси, тиббий психология ва наркология йўналишлари бўйича қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш харажатлари Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб психиатрия, тиббий психология ва наркология клиник ординатура ва магистратура мутахассисликларига қабул фақат давлат гранти асосида умумий қабул параметрлари доирасида амалга оширилади ҳамда қабул кўрсаткичлари ушбу мутахассисликларга бўлган ҳақиқий эҳтиёжни ўрганиш асосида шакллантирилади.

Қарор билан, шунингдек, бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларида 2023 йил якунига қадар ЖССТнинг руҳий ҳолат бузилишларида ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракатлар дастури амалиётга жорий қилинади. Унга асосан:

  • руҳий ҳолат бузилишини тиббиётнинг бирламчи бўғинининг ўзида эрта аниқлаш ва даволаш чоралари кўрилади;
  • бирламчи бўғин тиббиёт муассасалари шифокорлари ва бошқа тиббиёт ходимларининг руҳий ҳолати бузилган шахсларни клиник баҳолаш, даволаш ва кузатиб бориш бўйича кўникмалари ривожлантирилади ва билимлари оширилади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда ташкил этилган Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Руҳий саломатлик марказига айлантирилиши ҳақида хабар бергандик. Шунингдек, поликлиникаларда тиббий психолог, суицидолог каби штатлар жорий этилиши маълум қилинганди.