АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 18−19 июнь кунлари расмий ташриф билан Хитойда бўлди ва Хитой раиси Си Цзиньпин билан учрашди. Музокаралар давомида томонлар Украинадаги уруш, АҚШ-Хитой муносабатлари, Шинжон, Тибет ва Гонконгдаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ва Тайван масаласида музокара олиб борди, деб хабар берди CNN.

Энтони Блинкеннинг ташрифи сўнгги беш йил ичида Хитойга АҚШ давлат котиби даражасидаги амалдорнинг биринчи келиши ҳисобланади. Блинкен учрашувдан сўнг томонлар АҚШ-Хитой муносабатларини қайта йўлга қўйиш бўйича яхши натижага эришганини ва икки томонлама муносабатларни барқарорлаштириш зарурлиги бўйича келишиб олганини маълум қилди. Шунингдек, у мамлакатлар ўртасида ҳалигача ҳал қилинмаган асосий муаммолар борлигини айтиб, келажакда ўзаро алоқалар яхши бўлишига умид қилишини таъкидлади.

Иккала томон ҳам ўзаро муносабатлар беқарорлик нуқтасида эканини қайд этиб, уни барқарорлаштириш учун ҳаракат қилиш зарур эканини эътироф этган.

«Мен Пекинга юқори даражадаги алоқа каналларини мустаҳкамлаш, келишмовчиликлар бўлган соҳаларда ўз позициямиз ва ниятларимизни аниқ баён қилиш ҳамда манфаатларимиз бўйича ҳамкорлик қилиш, умумий трансмиллий муаммоларни ҳал қилишимиз мумкин бўлган соҳаларни ўрганиш учун келдим ва биз буларнинг барчасини бажардик», — деди Блинкен.

Блинкеннинг айтишича, Хитой АҚШ ва бошқа мамлакатларни Россияга ҳалокатли қуроллар етказиб бермаслигига ишонтирган. Давлат котиби АҚШда бунга зид келувчи ҳеч қандай далил йўқлигини айтиб, бу ваъда Хитойнинг сўнгги ҳафталарда такрорланган баёнотларига мос келишини таъкидлади.

«Аммо бизни хавотирга солаётган нарса бу Хитой фирмалари ва компаниялари Россияга Украинадаги тажовузкорлигини кучайтириши учун фойдаланадиган технологияни етказиб бериши мумкинлиги ҳисобланади. Ва биз Хитой ҳукуматидан бу борада жуда ҳушёр бўлишни сўрадик», — дея қўшимча қилди Блинкен.

Блинкен музокараларда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари, жумладан, Шинжон, Тибет ва Гонконгдаги инсон ҳуқуқлари бузилиши мавзусини кўтарганини айтди.

Хитой томони эса музокараларда Тайван мамлакатнинг «асосий қизиқишларидан» бири эканини ва бу борада «муросага ёки орқага чекинишга ўрин йўқлигини» таъкидлаган. Энтони Блинкен ўз навбатида Тайван масаласида АҚШнинг позицияси ўзгармаганини қайд этган.