Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 14 июндаги қарори билан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиб, жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

20 кВтгача қувватга эга қуёш панелларини ўрнатган истеъмолчилар онлайн платформа орқали «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонасига хабар бериши керак бўлади.

Корхона 20 июнгача «Электрҳисоб» (электр ҳисоби) дастурини тегишли равишда Божхона қўмитаси ва Солиқ қўмитасининг «Яшил энергия» ва Soliq тизимлари билан интеграция қилиши керак.

1 апрелдан Ўзбекистонда ҳудудлардаги хонадонларда кам қувватли қуёш панеллари (умумий қуввати 50 кВтгача) ўрнатишни рағбатлантириш мақсадида «Қуёшли уй» дастурини амалга ошириш бошланди.

20 июндан бошлаб жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, шартнома тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, жисмоний шахсларга тегишли бўлган объектларда ўрнатилган қуёш батареялари орқали ишлаб чиқарилган, ўз истеъмолидан ортиғи ягона электр энергия тизимига ўтказилган электр энергияси тўғрисидаги маълумотлар ушбу дастурга киритилади. Ҳар бир киловатт/соат электр энергияси учун давлат бюджетидан 1000 сўм субсидия ажратилади.

Субсидия ҳар ой якунлари бўйича ягона электр энергетика тизимига ўтказилган энергия миқдори ва тизимдан истеъмол қилинган энергия миқдори ўртасидаги ижобий фарқ ҳажмидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Субсидия маблағлари жисмоний шахсларнинг умумий даромадларига киритилмайди. Субсидия ҳар ой солиқ органлари томонидан Soliq мобил иловаси орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар фуқароларнинг банк пластик карточкаларига ўтказилади.

Шунингдек, ҳукумат қарори билан ўз эҳтиёжлари учун ўрнатилган, қуввати 1 МВтгача бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларида ишлаб чиқарилган ортиқча энергияни ягона электр энергия тизимига ўтказиш тартиби тасдиқланди (истеъмолдаги ижобий фарқ).

Ҳудудий электр тармоқлари ортиқча электр энергиясини олди-сотди шартномаси асосида сотиб олади. Электр энергиясининг нархи иккинчи тоифали истеъмолчилар учун белгиланган тарифнинг 80 фоизини ташкил этади (ҳозир — 360 сўм).

Ортиқча электр энергиясини сотиш учун ишлаб чиқарувчи харидорга (электр тармоқлари корхонаси ёки бошқа юридик ва жисмоний шахсларга) қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда таклиф юбориши керак:

  • қайта тикланадиган энергия қурилмаларининг техник тавсифлари;
  • қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини электр тармоғига улаш схемасининг нусхаси;
  • йил давомида электр энергияси ишлаб чиқариш прогнози (ойлар бўйича);
  • электр энергиясини сотиш бўйича имзоланган шартнома.

Электр энергияси харидори ҳисоблагич маълумотлари асосида ҳисоб-фактура ва тарафлар ўртасида тузилган шартномани олган кундан бошлаб 10 иш куни ичида ишлаб чиқарувчи томонидан етказиб берилган электр энергияси учун тўлов қилади.

Сотувчи ва харидор АСКУЭ тизимига мос келадиган электр ҳисоблагичларни ўрнатиши керак бўлади.