Тошкент ИИББда қийноққа солинган тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев Ўзбекистон президентига мурожаат йўллади. Бу ҳақда унинг адвокати Нурулло Тўлаганов жамоатчиликка маълум қилди.

Мактубда тадбиркорнинг соғлиғи ёмон эканлиги, унга малакали шифокорлар ёрдами зарурлиги ҳамда МРТ ва УЗИ текширувларидан ўтказилиши кераклиги баён этилган.

Омбудсман ахборот хизматига кўра, тадбиркорнинг президентга йўллаган мурожаати унинг адвокати томонидан ўқиб эшиттирилганидан кейин, 15 июнь куни Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари 1-сон Тергов ҳибсхонасига ташриф буюриб, Дилшод Тўрахўжаев билан учрашди ва алоҳида суҳбат ўтказилди.

«Д.Тўрахўжаев 1-сон Тергов ҳибсхонаси ходимлари ва шароитдан шикояти йўқлиги, фақат тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилмаганлиги, унга нисбатан қийноқ қўлланилгани бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари чўзилаётганлиги ва уни қийноққа солган ходимларга нисбатан чора кўрилмаётганидан шикоят қилди», — дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, Омбудсман томонидан Дилшод Тўрахўжаевга малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши ва тиббий текширувдан ўтказилишини ташкиллаштириш бўйича чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, унинг шикояти бўйича Бош прокуратурага Омбудсманнинг назорат хати ҳам чиқарилган.

Фото: омбудсман Фото: омбудсман

Нима бўлган эди?

2023 йил 1 май куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти матбуот хизмати Дилшоджон Тўрахўжаев Тошкент шаҳар ИИББ тергов бўлимида ва Ҳасанбой Абдунабиев «Тоштурма»да қийноққа солингани ҳақида пост эълон қилди.

Қайд этилишича, Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида яшовчи Дониёр Тўрахўжаев босқинчиликда гумонланган 40 яшар укаси Дилшоджоннинг 12−15 апрель кунлари Тошкент шаҳар ИИББ тергов бўлимида шафқатсиз қийноқларга солингани, оғзи ва қўллари скотч билан боғланиб, ноинсоний қийноқларга солинганини иддао қилган.

дилшод тўрахўжаев, иив, омбудсман, қийноқ

Фото: Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти

Шундан сўнг, Омбудсман идораси тадбиркорлар Дилшод Тўрахўжаев ва Хасанбой Абдунабиевнинг қийноққа солингани ҳақидаги хабарларни алоҳида назоратга олганини маълум қилган эди. «Ўзбекистон инсон қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига қарши кураш йўлини танлаган», — дейилганди баёнотда.

6 май куни Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари вакиллари қийноққа солинган тадбиркорлар Дилшод Тўрахўжаев ва Ҳасанбой Абдунабиев сақланаётган «Тоштурма»га борди. Ўтказилган ҳоли суҳбатларда улар руҳий ва жисмоний қийноқларга солинганини тасдиқлаб, бунга асосли далиллар борлигини айтишганди.

Дилшод Тўрахўжаев ким?

Дилшод Тўрахўжаев Ўзбекистонда туғилган, лекин Россия фуқароси. У 3 февраль куни UzReport TV телеканалига берган интервьюсида 20 йил Россияда (2000−2020-йиллар) яшагани, бироқ президент Шавкат Мирзиёевнинг хориждаги ватандошларга чақирув нутқлари ортидан мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш учун ватанига қайтишга қарор қилганини айтади.

Тадбиркор Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида кунига 2 минг нафаргача сайёҳни қабул қила оладиган «Aparat Hotel Kosmos» сайёҳлик иншооти ва дам олиш маскани қурилишига 25 млрд сўм сармоя киритган. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа 75 кишини иш билан таъминлаш имконини беради.

Тўрахўжаев, шунингдек, 800 та меҳмон уйи қурилиши ҳақида эълон қилди, улардан 10 таси фойдаланишга топширилган, қолганлари эса 2025 йилнинг учинчи чорагида якунланиши режалаштирилганди.

«Президентимиз юртдошларимиз ва салоҳиятли тадбиркорларнинг ўз ватанига қайтишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. Ана шундай яратилган имкониятлардан куч оламан. Биз бундан кейин ҳам тўхтаб қолмаймиз ва ишлашда давом этамиз», — деганди у интервьюда.

Президент тадбиркорнинг лойиҳаси ҳақида ҳам гапирган, «Ўзбекистон 24» телеканали эса махсус репортаж тайёрлаган.

ИИВ муносабати

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти матбуот хизматининг постидан кейин ИИВ матбуот хизмати муносабат билдирди.

ИИВ хабарида қайд этилишича, 2023 йилнинг 12 апрель куни ИИВ Тезкор қидирув департаменти Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИББ, Наманган вилояти ИИБ ҳамда ДХХ ходимлари томонидан Тошкент шаҳри ва Наманган вилояти ҳудудларида ўтказилган тезкор тадбирлар жараёнида бир неча ойлар давомида «тадбиркорларга нисбатан товламачилик қилиб, уларни қўрқув остида ушлаб келаётган йирик уюшган жиноий гуруҳ»нинг 10 нафар аъзоси қўлга олинган.

«Гуруҳ аъзоларининг илгари оғир турдаги жиноятлар билан бир неча маротаба судланганликлари ҳамда ниҳоятда тажовузкор эканликлари инобатга олиниб, ички ишлар органларининг махсус кучлари жалб этилган ҳолда қўлга олинганлар ва зарарсизлантирилганлар. Гумондорларнинг ёнидан олдидан махсус тайёрланган 2 дона ўткир тиғли жисм, бир нечта скотч, Ички ишлар органлари ходимларининг дала формалари, резина қўлқоплар, 0,7 грамм „опий“ гиёҳвандлик моддаси, трамадол таблеткаси ва спорт сумкаси далилий ашё сифатида олинган», — дейилганди ИИВ хабарида.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумондорларни бошқа бир қатор оғир жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда. Барчаси ўрнатилган тартибда ҳимоя билан таъминлангани таъкидланган.

«Шунингдек, 6 апрель куни Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ҳамда ДХХ томонидан Тошкент шаҳри ҳудудида кучли таъсир қилувчи заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаган фуқаро Х.А. қўлга олиш жараёнида қаттиқ қаршилик кўрсатганлиги сабабли, махсус хизматлар томонидан жисмоний куч ишлатилиб қўлга олинган», — дея қайд этилган эди хабарда.

Таъкидланишича, ҳозирда гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 251-прим 1 моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, бошқа оғир турдаги жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. Гумонланувчи процессуал тартибда ҳимоя билан таъминланган.

ИИВ гумонланувчининг танасидаги жароҳат изларига қуйидагича муносабат билдирганди:

«Шу билан бирга, юқорида баён этилган жиноят ишлари бўйича гумондорларнинг айримлари мунтазам равишда спорт билан шуғулланиб келганликлари, илгари кўчада турли муштлашувларда қатнашганликлари аниқланган бўлиб, ҳозирда учинчи шахслар орқали илгари мавжуд бўлган жароҳатларини пеш қилган ҳолда, ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан ишончсизлик ва носоғлом шов-шув уйғотиш мақсади кўзланаётганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд».

ИИВ ҳар бир ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилганди.