1 май куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти матбуот хизмати Дилшоджон Тўрахўжаев Тошкент шаҳар ИИББ тергов бўлимида ва Ҳасанбой Абдунабиев «Тоштурма»да қийноққа солингани ҳақида пост эълон қилди.

Қайд этилишича, Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида яшовчи Дониёр Тўрахўжаев босқинчиликда гумонланган 40 яшар укаси Дилшоджоннинг 12−15 апрель кунлари Тошкент шаҳар ИИББ тергов бўлимида шафқатсиз қийноқларга солингани, оғзи ва қўллари скотч билан боғланиб, ноинсоний қийноқларга солинганини иддао қилган.

«Суриштирув, адвокатлар ва гувоҳлар билан суҳбатлардан сўнг маълум бўлдики, Дилшоджон Тўрахўжаев ҳақиқатан ҳам фуқаро кийимидаги жиноят қидирув бўлими ходимлари, қора махсус кийимдаги „ажал фаришталари“ ва терговчилар томонидан мажбурий кўрсатма олиш мақсадида қийноққа солинган. Адвокатларга кўра, унинг баданига электрошокер воситасида етказилган зарар сиз кўраётган расмларда ҳам акс этган. Унинг моматалоқ баданидаги жароҳатлар ҳануз кетгани йўқ», — дейилади жамият хабарида.

Дилшод Тўрахўжаев ким?

Дилшод Тўрахўжаев Ўзбекистонда туғилган, лекин Россия фуқароси. У 3-февраль куни UzReport TV телеканалига берган интервьюсида 20 йил Россия Федерациясида (2000−2020-йиллар) яшаганини, бироқ президент Шавкат Мирзиёевнинг хориждаги ватандошларга чақируви нутқлари ортидан мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш учун ватанига қайтишга қарор қилганини айтади.

Тадбиркор Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида кунига 2 минг нафаргача сайёҳни қабул қила оладиган «Aparat Hotel Kosmos» сайёҳлик иншооти ва дам олиш маскани қурилишига 25 миллиард сўм сармоя киритган. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа 75 кишини иш билан таъминлаш имконини беради.

Тўрахўжаев шунингдек, 800 та меҳмон уйи қурилиши ҳақида маълум қилди, улардан 10 таси фойдаланишга топширилган, қолганлари эса 2025-йилнинг учинчи чорагида якунланиши режалаштирилганди.

«Президентимиз юртдошларимиз ва салоҳиятли тадбиркорларнинг ўз ватанига қайтишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. Ана шундай яратилган имкониятлардан куч оламан. Биз бундан кейин ҳам тўхтаб қолмаймиз ва ишлашда давом этамиз», — деганди у интервьюда.

Президент тадбиркорнинг лойиҳаси ҳақида ҳам гапирган, «Ўзбекистон 24» телеканали эса телерепортаж тайёрлаган.

Шунингдек, жамият яна бир фуқаро қийноққа солингани ҳақида маълумот берган.

«Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251-моддасида (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш) назарда тутилган жиноятни содир этишда гумонланиб, Тоштурмада сақланаётган 29 яшар Ҳасанбой Абдунабиевга нисбатан содир этилган қийноқ натижасида у салкам ногиронга айланиб қолди», — дея қайд этилган хабарда.

ИИВ муносабати

Юқорида келтирилган хабарга ИИВ матбуот хизмати муносабат билдирди.

ИИВ хабарида қайд этилишича, 2023 йилнинг 12 апрель куни ИИВ Тезкор қидирув департаменти Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИББ, Наманган вилояти ИИБ ҳамда ДХХ ходимлари томонидан Тошкент шаҳри ва Наманган вилояти ҳудудларида ўтказилган тезкор тадбирлар жараёнида бир неча ойлар давомида «тадбиркорларга нисбатан товламачилик қилиб уларни қўрқув остида ушлаб келаётган йирик уюшган жиноий гуруҳ»нинг 10 нафар аъзолари қўлга олинган.

«Гуруҳ аъзоларининг илгари оғир турдаги жиноятлар билан бир неча маротаба судланганликлари ҳамда ниҳоятда тажовузкор эканликлари инобатга олиниб, Ички ишлар органларининг махсус кучлари жалб этилган ҳолда қўлга олинганлар ва зарарсизлантирилганлар. Гумондорларнинг ёнидан, олдидан махсус тайёрланган 2 дона ўткир тиғли жисм, бир нечта скотч, Ички ишлар органлари ходимларининг дала формалари, резина қўлқоплар, 0,7 грамм „опий“ гиёҳвандлик моддаси, трамадол таблеткаси ва спорт сумкаси далилий ашё сифатида олинган», — дейилади ИИВ хабарида.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумондорларни бошқа бир қатор оғир жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда. Барчаси ўрнатилган тартибда ҳимоя билан таъминлангани таъкидланган.

«Шунингдек, 6 апрель куни Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ҳамда ДХХ томонидан Тошкент шаҳри ҳудудида кучли таъсир қилувчи заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаган фуқаро Х.А. қўлга олиш жараёнида қаттиқ қаршилик кўрсатганлиги сабабли, махсус хизматлар томонидан жисмоний куч ишлатилиб қўлга олинган», — дея қайд этилган хабарда.

Таъкидланишича, ҳозирда гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 251-прим 1 моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, бошқа оғир турдаги жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. Гумонланувчи процессуал тартибда ҳимоя билан таъминланган.

ИИВ гумонланувчининг танасидаги жароҳат изларига қуйидагича муносабат билдирди:

«Шу билан бирга, юқорида баён этилган жиноят ишлари бўйича гумондорларнинг айримлари мунтазам равишда спорт билан шуғулланиб келганликлари, илгари кўчада турли муштлашувларда қатнашганликлари аниқланган бўлиб, ҳозирда учинчи шахслар орқали илгари мавжуд бўлган жароҳатларини пеш қилган ҳолда, ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан ишончсизлик ва носоғлом шов-шув уйғотиш мақсади кўзланаётганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд».

Таъкидланиича, ҳар бир ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.