6 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари вакиллари томонидан Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 1-сон Тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилди. Бу ҳақда омбудсман матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур ташриф доирасида Жиноят кодексининг 164-моддасида (Босқинчилик) назарда тутилган жиноятини содир этганликда гумон қилиниб, қамоққа олинган Дилшоджон Тўрахўжаев ва 251 прим 1-моддасида (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда гумонланиб, қамоққа олинган Ҳасанбой Абдунабиев билан якка тартибда холи суҳбатлар ўтказилди.

Ҳасанбой Абдунабиев (чапда).Ҳасанбой Абдунабиев (чапда).

Ўтказилган суҳбатлар давомида ҳар икки шахс ижтимоий тармоқларда ўзлари ҳақида тарқатилган хабарларни тасдиқлади. Хусусан, Дилшоджон Тўрахўжаевнинг сўзларига кўра, унга нисбатан Наманган вилояти Поп тумани Ички ишлар бўлимида ва кейинчалик Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида руҳий ва жисмоний босим ўтказилган.

«Қийноқлар натижасида айбига иқрор бўлган ва олган тан жароҳатларини ички ишлар органлари ходимлари томонидан етказилганлиги бўйича кўрсатма бермаган. Унинг қийноққа солингани ҳақида кейинчалик адвокати хабар қилган. Шунингдек, у ички ишлар органлари ходимлари томонидан жисмоний қийноққа солинганлигини тасдиқловчи асосли далиллари мавжудлигини маълум қилди», — дейилади хабарда.

Шу боис, омбудсманнинг мониторинг ташрифи якунларига кўра, Дилшоджон Тўрахўжаевнинг қийноққа солингани ҳолати юзасидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилишининг таъминланиши юзасидан Бош прокуратурага назорат хати киритилди.

Бунга қадар ҳам Ҳансанбой Абдунабиевнинг адвокати томонидан юборилган мурожаат омбудсман томонидан назоратга олиниб, Жиноят-процессуал кодекси талаблари асосида кўриб чиқилиши юзасидан Бош прокуратурага омбудсманнинг назорат хати киритилгани эслатиб ўтилди.