«Ўзавтосаноат» компанияси бошқаруви раиси Улуғбек Розуқулов Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси этиб сайланди, деб хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Шанба куни МОҚда бўлиб ўтган федерациянинг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида федерация бош ҳомийси ҳисобланган компания раҳбари номзоди бир овоздан маъқулланди.

Улуғбек Розуқулов ўз нутқида ҳудудларга эътибор қаратиш, ихтисослаштирилган гимнастика иншоотларининг моддий-техник базасини яхшилаш, истиқболли спортчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Бунгача федерацияни «Ўзавтосаноат»нинг аввалги раҳбари Шавкат Умурзоқов бошқарган. Март ойида у Тошкент шаҳри ҳокими в.б. этиб тайинланган. Кейинроқ Улуғбек Розуқулов «Ўзавтосаноат» раҳбари сифатида эълон қилинганди.