Улуғбек Убайдуллаевич Розуқулов «Ўзавтосаноат» компанияси бошқаруви раиси этиб тайинланди, дея хабар берди «Газета.uz»нинг соҳадаги манбаси.

Улуғбек Розуқулов (1969 йилда туғилган) Ломоносов номидаги Москва давлат университети битирувчиси, Россия Фанлар академияси Иқтисодиёт институти аспирантурасини тамомлаган, иқтисод фанлари номзоди ҳисобланади.

У бу лавозимга тайинлангунга қадар 2018 йилдан Ўзбекистоннинг Индонезиядаги, 2019 йилнинг октабрь ойидан эса Вьетнамдаги элчиси бўлиб ишлаган.

2017−2018 йилларда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси (ҳозирги Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports)да бошқаруви раиси лавозимида фаолият юритган.

Шунингдек, унга қадар бош вазир ўринбосари — «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори, Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари, Вазирлар Маҳкамаси Ташқи иқтисодий алоқалар департаменти директори лавозимларида меҳнат қилган.

Эслатиб ўтамиз, 23 март куни «Ўзавтосаноат» компаниясининг собиқ раиси Шавкат Умурзоқов Тошкент ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.