Марказий банк муомаладан чиқарилган бир қатор банкнотларни бир хил қийматдаги янги намуналарига алмаштиришни қайта тиклади. Тегишли қарор 3 июнь куни регулятор томонидан қабул қилинди, деб хабар қилди МБ матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, бир қатор ҳудудлардаги фуқаролардан тўлов қобилиятини йўқотган, номинал қиймати 50, 100, 200 ва 500 сўм бўлган банкноталар ҳамда 50 ва 100 сўмлик тангаларни алмаштириш бўйича мурожаатлар келиб тушмоқда.

Айирбошлаш аввалгидек Марказий банкнинг ҳисоб-китоб касса марказларида амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, эски банкнотларни муомаладан чиқариш тартиби ва шартлари илк бор 2019 йилда тасдиқланган:

  • 2019 йил 1 июлгача — 2001−2002 йиллар намуналаридаги 50 сўмлик, 2004 ва 2009 йил намуналаридаги 100 сўмлик тангалар ҳамда 1994 йил намунасидаги 50 ва 100 сўмлик банкнотлар;
  • 2020 йил 1 июлгача — 1997 йил намунасидаги 200 сўмлик, 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик банкнотлар.

Аввалроқ айирбошлаш муддати 2023 йил 1 январгача узайтирилганди.