Silk Avia компанияси Қурбон ҳайити байрами муносабати билан 27 июндан 2 июлгача чипталарга 30% гача чегирма эълон қилди. Ташкилот матбуот хизмати хабарига кўра, чегирмалар барча йўналишлар учун амал қилади.

Арзон тарифдаги чипталар сони кўпайтирилади. Хусусан, байрам кунлари Самарқандга 12 еврога, Навоийга 18 еврога, Нукусга эса 36 еврога учиш мумкин бўлади, дейилади хабарда.

Чипталарни авиаташувчининг расмий www.silk-avia.com сайти ёки Ўзбекистон аэропортларида жойлашган кассаларда харид қилиш мумкин. Тарифлар ва хизматлар ҳақида батафсил маълумотни www.silk-avia.com веб-сайтидан олиш ёки +99855 501−22−12 телефон рақамига қўнғироқ қилиб сўраш мумкин.

Маълумот учун, авиакомпания учта тарифга эга. Оддий тарифига фақат оғирлиги 5 кг бўлган қўл юки (сумка махсус ўлчамга сиғиши керак — 40 см х 30 см х 20 см) бўлади ва багаж, тўловни қайтариш ва чипталарни қайта бронь қилиш кирмайди.

Осон тарифи ҳам қайтарилмайди, лекин қайта бронь қилиш ва 10 кг гача багаж олиш имконияти мавжуд.

Омад тарифида 20 кг гача юк, қайта бронь қилиш ва минимал жарималар билан чиптани қайтариш мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Uzbekistan Airways ҳам Қурбон ҳайити муносабати билан 28 июндан 2 июлгача бўлган барча авиақатновларга 50 фоизлик чегирма эълон қилганди.