Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан (ЎзЛиДеП) президентликка номзод, амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев сайловолди ташвиқоти доирасида Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрига келди. Бир кун аввал у Нукус шаҳрида қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашганди.

ЎзЛиДеП матбуот хизмати хабарига кўра, номзод ўз сўзини президентлик йилларида Хоразмда эришилган ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, олти ярим йил ичида вилоят иқтисодиёти 1,3 баробарга ўсиб, 32 триллион сўмга етди, аҳоли жон бошига даромад 16,5 миллион сўмдан ошди.

500 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллаларда сув тармоқлари тортилиб, ичимлик суви билан таъминлаш 2017 йилдаги 52 фоиздан 86 фоизга кўтарилди.

Болаларни боғчаларга қамраб олиш 22 фоиздан 79 фоизга, олий ўқув юртларига қабул қилиш эса 8 фоиздан 38 фоизга ошди, деди Шавкат Мирзиёев.

Агар илгари вилоятда битта олий ўқув юрти — Урганч давлат университети бўлган бўлса, ҳозирда 5 та давлат, 3 та хусусий олий ўқув юрти ва 1 та хорижий университетнинг филиали фаолият кўрсатмоқда. Талабалар сони 5 баробар ортиб, 46 минг нафарга етди.

Вилоятда ҳам 28 замонавий шифохона ва поликлиника барпо этилди, деди номзод.