2022 йилда Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича иккинчи суд жараёнида ҳукм қилинган шахсларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқишнинг якуни юзасидан суд қарори 12 июнь куни эълон қилинади. Бу ҳақда Олий суди матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ қамоқ жазосига ҳукм қилинган 28 нафар шахс апелляция шикояти билан мурожаат қилган. Қорақалпоғистон Республикаси суди 17 март куни 39 нафар шахсга нисбатан суд ҳукмини ўқиб эшиттирганди. Ўшанда уларнинг 28 нафарига 5 йилдан 11 йилгача қамоқ жазоси тайинланган. 11 нафар айбланувчи эса шартли равишда суд залидан озод қилинган.

18 май куни Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция шикоятлари бўйича очиқ суд жараёнини бошлаган.

5 июнь куни 16 нафар маҳкум номидан берилган апелляция шикоятини кўриб чиқиш якунланган. Унга кўра, 8 нафар айбланувчининг жазоси озодликни чеклаш билан алмаштирилган, 6 нафар судланувчининг муддати қисқартирилган, Даулетмурат Тажимуратовнинг муддати ўзгаришсиз қолган. Суд прокуратуранинг 4 кишига нисбатан протестини рад этган. Январь ойидаги ҳукм эълон қилинганидан кўп ўтмай ҳибсда вафот этган Полат Шамшетовга нисбатан суд унинг ҳуқуқларини тиклаш ва мулкини меросхўрларига қайтариш тўғрисида қарор чиқарган.