2022 йил 1−2 июль кунлари Нукус воқеалари бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида иккинчи суд жараёнида озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган 28 нафар шахснинг барчаси апелляция шикояти берди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ, иш жами 39 кишига нисбатан кўриб чиқилгани ҳақида ёзгандик. 17 март куни биринчи инстанция суди — Қорақалпоғистон Республикаси суди ҳукмни эълон қилганди. Унга кўра, 28 нафар шахсга нисбатан 5 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этиш, яна 11 нафарига 5 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланганди.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан судланувчилар О. Досназаров, И. Полатов, Р. Досимбетов, Д. Раманов, К. Ешжанов, И. Аитмуратов, Р. Жумабаев, Н. Бауетдинов, И. Сапаров, Қ. Бахиев, Д. Надирбаев, З. Пиржанов, Н. Хабипов, Р. Баимбетов, А. Жумабеков, Н. Байлепесов, А. Есемуратов, А. Омирзаков, З. Таджимуратов, К. Бегалиев, Ш. Аширбеков, О. Курбанов, К. Бекполатов, М. Рахманов, А. Сариев, А. Алланазаров, П. Есенгельдиев, Н. Дуйсенбаев ва уларнинг ҳимоячилари томонидан апелляция шикоятлари берилган бўлиб, жиноят ишининг ушбу судланувчиларга оид қисми мазкур шикоятларга асосан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилади.

Ушбу жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни 2023 йил 18 май куни бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, 10 май куни Қорақалпоғистон воқеалари бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасидаги биринчи суд жараёнида 16 нафар маҳкумнинг аризаси, шунингдек, шартли равишда озодликдан маҳрум этилган 4 нафар шахсга нисбатан прокуратура протести кўриб чиқиш бошланди. Айбланувчилар ва адвокатлар жазони енгиллаштиришни, марҳум Пўлат Шамшетовни эса оқлашни сўради. Шунингдек, прокуратура ушбу иш бўйича шартли ҳукм қилинган 4 нафар айбланувчига нисбатан жазони кучайтиришни сўрамоқда.