Шавкат Мирзиёев Италия президенти Сержо Маттарелланинг таклифига биноан 7−9 июнь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, олий даражадаги учрашувлар Римда бўлиб ўтади. Шавкат Мирзиёев у ерда Италия президенти ҳамда бош вазир Жоржа Мелони билан музокаралар ўтказади.

Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ва устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади. Халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилади, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон етакчиси бош қароргоҳи Италия пойтахтида жойлашган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Цюй Дунъюй билан учрашув ўтказади. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Ташрифнинг ишбилармонлик дастури Милан шаҳрида бўлиб ўтади — Ўзбекистон президенти Ломбардия провинцияси губернаторини қабул қилади ҳамда Италиянинг етакчи компания ва ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.

Апрель ойида Шавкат Мирзиёевнинг ёзда Италияга ташриф буюриши кутилаётгани ҳақида ёзгандик. Бу ҳақда Тошкентга ташриф буюрган Италия мудофаа вазири Крозетто Гвидо Италиянинг Vista агентлигига маълум қилганди.

Гвидо Ўзбекистон президентининг Римга ташрифи мамлакатлар ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликнинг янги босқичини бошлашини таъкидлаган.