Яқин хориж, шунингдек, ўзбекистонликлар кўп қатнайдиган аксарият мамлакатлар миллий валютаси ўз рамзига эга: Арманистон драми расман 2001 йилдан (амалда 1995 йилдан), Украина гривнаси 2004 йилдан, Озарбайжон манати 2006 йилдан (унинг муаллифи — австриялик дизайнер Роберт Калина), Қозоғистон тенгеси 2007 йилдан, Туркия лираси 2011 йилдан, Грузия лариси 2014 йилдан, Қирғизистон сўми эса 2017 йилдан ўз рамзига эга (ҳаммага маълум ва машҳур бўлган доллар ва евро рамзлари ҳақида тўхталиб ўтиришга ҳам ҳожат йўқ). Ҳатто Афғонистон афғонийсининг ҳам ўз рамзи бор.

Юқоридаги мисолларнинг деярли барида валюта рамзини ишлаб чиқиш бўйича очиқ танлов ўтказилган ва деярли ҳар сафар ғолиб минглаб таклифлар орасидан танлаб олинган (баъзан қирғиз сўмининг рамзи билан бўлганидек баҳсли вазиятлар кузатилганини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди).

Сўм учун алоҳида белги ишлаб чиқиш янги мавзу ҳисобланмаса-да, Ўзбекистон расман бу жараёнга нисбатан кеч қўшилди: 2022 йил февралида Марказий банк «миллий валютанинг молия бозорида халқаро нуфузини ошириш ва кенг жамоатчилик ўртасида танилишини таъминлаш мақсадида» сўм рамзини яратиш бўйича танлов эълон қилди. Орадан уч ой ўтиб танлов якунлари эълон қилинди. Аммо бу сўм ўз рамзига эга бўлиши билан тугамади.

Нима бўлганди?

Сўм рамзини яратиш бўйича танловга 2022 йилнинг 8 февралидан 31 мартига қадар 17 мингдан ортиқ ариза келиб тушган, шундан 54 таси финалга ўтган. Уларни Марказий банк, Миллий рассомлик ва дизайн институти ва Интеллектуал мулк агентлиги (ушбу ташкилот вакиллари ғолибликка номзод лойиҳаларни контрафакцияга текшириши лозим эди) вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати кўриб чиқиб, Сарвар Жумагалдиев томонидан ишлаб чиқилган график белгини «сўмнинг ўзи хос тимсолини ифода этган энг креатив лойиҳа» сифатида танлаб олган, оддий қилиб айтганда, танлов ғолиби деб топган (ғолибга 15 млн сўм мукофот пули тақдим этилиши кўзда тутилганди).

мамаризо нурмуротов, марказий банк, сўм рамзи

Марказий банк бошқаруви раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов «фойдаланувчиларнинг бир қисми таклиф этилган (ғолиб деб топилган — таҳр.) вариантни маъқуллагани»ни таъкидлаган бўлса, тармоқда барибир танқидий фикрлар кўпроқ бўлди. Кимдир «сўм рамзи» сифатида муомалага киритилиши керак бўлган белгини туяга ўхшатган бўлса, бошқалар унда илонга ўхшаш жиҳатларни кўрди.

Бу орада плагиат масаласи кўтарилди — ғолиб рамз Франциянинг In-Core Systemes компанияси логотипига ўхшаш экани фаол муҳокама қилинди (Таиланд ва Ҳиндистонда ҳам логотипи ғолибникига ўхшаш компаниялар борлиги, бу белгини интернетдаги дўконлардан сотиб олиш мумкинлиги айтилди). Муҳокамалар нақадар жиддий бўлганини уларга Адлия вазирлиги томонидан муносабат билдирилганидан ҳам англаш мумкин.

Бундай фикрларнинг янграши, ҳазил-мазах қилинишига ғолиб деб топилган рамз битта суратда намойиш этилгани ҳам сабаб бўлди — нега айнан шу рамз танланиши кераклигини, унинг устунликларини тавсифловчи, унинг турли ҳолатларда (масалан, дўкон ё бозор шароитида, қўл билан ёзганда, рангли ва оқ-қора муҳитларда) қандай акс этишини тушунтирувчи ҳужжат йўқ эди.

Шунингдек, кузатувчилар танловга шаффофлик етишмаганини ҳам алоҳида қайд этиб ўтди. «Ҳайъат нималар орасидан бу белгини танлаб олганини тушуниш учун ҳам таклифларнинг барчасини жойлаштириш керак эди», — деб ёзганди журналист Шуҳрат Латипов. «Агар барча нарса шаффоф тарзда ўтказилиб, ким нима иш бажаргани, қандай йўналишда қандай баҳолар қўйгани очиқ кўрсатилганида, бундай кескин муносабат ҳам бўлмас эди», — дея таъкидлаганди дизайнер Темур Саъдий.

Муҳокамалар жараёнида танловда қатнашган қатор компания ва дизайнерлар ўз ишланмаларини эълон қилган эди. Хусусан, MA’NO Branding компанияси сўм белгиси бўйича ўз таклифини тайёрлаш жараёнида Марказий банк ўтказган танловда ғолиб чиққан рамзга ўхшаш белгини тайёрлагани, бироқ «қалин услубда жадвал тўпламига бирлаштириш имконсизлиги учун» ундан воз кечилганини маълум қилган эди.

Энди нима бўлади?

Кўп ўтмай, мамлакат сўм белгисидан муҳимроқ масалаларга дуч келди ва мавзу унутилди. Фақат 2022 йил июлида ўтказилган матбуот анжуманида сўм рамзи бўйича жамоатчилик муҳокамаларига (ва асосан танқидларига) Марказий банк раҳбарияти қандай муносабатда эканини билиш мумкин бўлди.

«Бир нарсани тушуниш керак: биз профессионаллардан иборат комиссия шакллантирдик — улар Марказий банк ходимлари эмас эди… Танлов эълон қилдик, минглаб турли вариантлар келди. Комиссия улар орасидан маълум бир рамзни танлаб олди. Бу энди шу белги шу шаклда тасдиқланади, дегани эмас», — дея тушунтирганди МБ раҳбари ўринбосари Ботир Зоҳидов. У энди бу «узоқ давом этувчи, бир неча йилга чўзилувчи жараён»га «банкноталар дизайни устида ишлаётган чет эллик мутахассислар» ҳам жалб қилиниши, «ушбу рамзни мақсадга мувофиқ кўринишга келтириш» учун профессионаллар билан иш олиб борилишини таъкидлаганди.

МБ раҳбари Мамаризо Нурмуротов ўз сўзида унга қозоқ тенгеси рамзи жуда ёқиши, аммо уни Япония почтаси логосига ўхшатишларини эслатиб: «Биз ҳаммамиз ҳам бир-биримизга ўхшаймиз», — деганди. У комиссия томонидан танланган вариант константа эмаслиги, у профессионаллар томонидан қайта ишланиб, сўнг яна жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиниши мумкинлигини айтганди. «Бўлди, шу билан жараён тугади эмас — биз рамз устида шу соҳа мутахассислари, профессионаллари бирга ишлаймиз», — деганди МБ раиси.

Аммо ҳозир жараён тўхтаб қолган. Марказий банк «Газета.uz» сўровига шундай жавоб берди: «Ғолиб аниқланган, лекин бу ўша ғолиб белги қабул қилинди дегани эмас. Унинг устида ишлаш керак. Бирор янгилик бўлса, ўзимиз эълон қиламиз».

Шундай қилиб, «Ўзбек сўми 30 йил деганда ўз рамзига эга бўлди» деган сарлавҳаларга ҳали эрта (дарвоқе, сўм 30 га тўлишига ҳали яна тўлиқ бир йил бор). Аммо баъзи ташаббускорларнинг расмий ҳужжатларни кутиб ўтиргиси йўқ — улар ўтган йилги танлов баҳона эълон қилинган айрим концептлардан кенг фойдаланишни бошлаб юборган. Ким билсин, балки ўзбек сўмининг белгиси ҳам арман драми ё Россия рубли рамзининг тарихини такрорлар — аввал халқ ичида тўлиқ танилиб, сўнг расмий мақом олар?