Ўзбекистон миллий валютаси — «сўм»нинг рамзига энг креатив лойиҳа сифатида Жумагалдиев Сарвар томонидан ишлаб чиқилган график белги танлаб олинди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

МБ томонидан миллий валюта «сўм рамзи»ни ишлаб чиқиш бўйича 8 февралидан 31 мартига қадар танлов ўтказди. 1 апрель ҳолатига миллий валюта рамзини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган танловга юборилган аризаларнинг умумий сони 17 мингдан ортди.

Миллий валюта «Сўм рамзи»ни ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган 2 босқичли танлов натижалари сарҳисоб қилинди. Саралаш босқичи танлов ташкилий қўмитаси томонидан ўтказилди ва қуйидагиларни ўз ичига олинган.

Дастлабки саралашда ҳар бир танлов лойиҳасини техник талабларга мувофиқлигини кўриб чиқилган ва 508 та ижодий лойиҳа танлаб олинган. Техник экспертиза уни текшириб, 54 та шифрланган ижодий лойиҳалар танлов ҳакамлар ҳайъатига кўриб чиқиш учун тақдим этилди.

Танловнинг якуний босқичида шифрланган лойиҳалар Марказий банк, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги вакиллари томонидан баҳоланди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари танлов ишларини қуйидаги мезонларга мувофиқ баҳолаган:

  • ўзига хослик (уникал) ва оригиналлик;
  • универсаллик;
  • осон таниб олиниши;
  • рамзий ва фарқли жиҳатлари;
  • сўм рамзининг турли форматларда график қўлланилишининг қулайлиги.

Танлов натижаларига кўра, ҳайъат томонидан Ўзбекистон миллий валютаси — «сўм»нинг ўзига хос тимсолини ёрқин ифода этган энг креатив лойиҳа сифатида Жумагалдиев Сарвар томонидан ишлаб чиқилган график белги танлаб олинди, дейилади МБ хабарида.