3 июнь куни Марказий банк сўм рамзи бўйича танлов ғолибини эълон қилди. Унга кўра, «сўм» рамзига энг креатив лойиҳа сифатида 508 та ижодий иш орасидан Жумагалдиев Сарвар график белгиси ғолиб деб топилди. МБ буни «миллий валютанинг ўзига хос тимсолини ёрқин ифода этган энг креатив лойиҳа» деб атади. Лойиҳа бўйича жами 17 мингта ариза келиб тушган, финалга шундан 54 таси ўтган.


Ўзбекистондаги жамоатчилик фаоллари, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида мазкур танланган лойиҳа кенг ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. «Газета.uz» мазкур муносабатлардан бир қанчасини бир мақолага жамлади.

Журналист Шуҳрат Латипов ўз каналида нима сабабдан мазкур белги танлангани тушуниш учун уларнинг барчасини интернетда жойлаштириш кераклиги ҳақида ёзган.

«Иш 508 та лойиҳа ичидан танлаб олинди, улардан 54 таси финалга чиқди. Улар нималар орасида танлаганини тушуниш учун таклифларнинг барчасини жойлаштириш керак. Аммо шусиз ҳам бошқа яхшироқ вариантлар борлиги аниқ», — деган у.

Шунингдек, у мазкур лойиҳалар танловида MA’NO Branding агентлигидан тақдим қилинган қизиқарли наъмуналар ҳам бўлганини эслатиб ўтган.

MANO Branding агентлигининг сўм рамзи учун тайёрлаган наъмунаси

Alimoff канали асосчиси блогер Нурбек Алимов ҳам ўз Telegram-саҳифасида янги белги унга ёқмагани ҳақида ёзади.

«Аслида мана шунақа танловларни умумҳалқ овозига қўйиш керак бирорта сайтда, электрон имзо билан овоз берадими, фарқи йўқ. Нега ими-жимида 4 та чол ўтирган комиссия ғолибни аниқлаб қўя қолади? Мени ғолиб йигитга умуман саволларим йўқ, айб ундаяммас, айб шу комиссияда. Аслида булар 10 тача энг топини аниқлаб шуларни халқ овозига қўйишлари керак эди. Бу қанақадир ҳусусий банк логотипи эмаску халққа „пошел вон“ дегани. Бутун бошли валютанинг халқаро белгиси қабул қилиняпти. Хуллас, бўмапти, емапти, қоралайман ва налатлайман», — дея таъкидлаган блогер.

Иқтисодчи, Bakiroo — Отабек Бакиров эса сўм рамзини «бир қарашда туяга ҳам ўхшатган»:

«Марказий банк ўтказган танлов якунларига кўра, Сарвар Жумагалдиев таклиф этган график белгиси ғолиб деб топилипти. Бир қарашда туяга ҳам ўхшайди. P. S. туя шаклида салбий маъно йўқ, ипак йўлига ишоралар кўрдим масалан. Рамз менимча, оригинал чиққан», — дея таъкидлаган у.

Кўплаб ижтимоий тармоқ фаоллари, шу жумладан ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев ҳам ўзбек сўмининг таклиф этилган рамзини 1998 йилда асос солинган In-Core Systèmes компанияси логотипи билан солиштирган.

in-core systemes компанияси логотипи. 1998 йилда асос солинган.

Бунга нисбатан «Бизда барчаси шунчаки тасодиф бўлади доим», — дея ёзади Хушнудбек.

Иқтисодчи Миркомил Холбоев сўм белгисининг қандай бўлиши монетар сиёсатга ҳеч қандай таъсир ўтказмаслигини, уни бу даражада қаттиқ муҳокама қилиш деярли маънога эга эмас эканини айтган.

«Хуллас, сўм белгисининг қандай бўлиши монетар сиёсатга ҳеч қандай таъсир ўтказмайди. Яъни бу белги инфляция, пул массаси, ишсизлик, иқтисодий ўсиш ёки валюта курси каби биз учун муҳим бўлган кўрсатгичларнинг ҳеч бирига ҳеч қандай таъсир ўтказмайди. Шундай экан сўм белгисининг эълон қилинганлигини бу даражада қаттиқ муҳокама қилиш деярли маънога эга эмас. Афсуски, аслида сўм белгисининг қандай бўлишидан минг марта муҳим бўлган монетар сиёсатдаги биронта ўзгаришнинг бу даражада муҳокамага сабаб бўлганини кўрмаганман», — дея ўз фикрини изоҳлаган у.

Mirzo Zominiy канали муаллифи Мирзаёр Эркинов эса ўз саҳифасида сўмнинг янги белгиси билан «коинотдан туҳфа» келганини маълум қилган.

«Жудаям осон буни ёзиш. Пул керакми? Марҳамат, олинг. Янги йилга сизга коинотдан совға. Янги белги билан янаям яхши», — деган у.

Troll.uz каналида эса аллақачон мазкур рамзга атаб Cўм «белгиси» акс этган илк футболка пайдо бўлди.

У мазкур танловга нисбатан «Қанақа валюта бўлса, шунақа символ» тарзида муносабат билдирган.

Стрит-арт йўналишида ижод қилувчи Inkuzart канали асосчиси ўз саҳифасида танлов учун ўзининг такликларини илгари сурган ва унда миллий белгилардан фойдаланган.

1-намуна.

2-намуна.

Адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ҳам мазкур янгиликни ёқламаганлар сафида эканини маълум қилди.

«„Сўм рамзи“ менга унча ёқмади. Билмадим, қаерда бу танлов ўтди, қандай ишлар қатнашди (балки мен кўрмай қолгандирман), лекин ғалати рамз экан, илонга ўхшайдими-ей… Агар ҳали имкон бўлса, янаям ўйлаб кўриш керак, бу бутун мамлакатимизга тааллуқли рамз, ҳар ҳолда», — деган у.