Марказий банк томонидан миллий валюта «Сўм рамзи»ни яратиш бўйича танлов ўтказилади, дея хабар берди регулятор матбуот хизмати.

Танлов Ўзбекистон миллий валютаси — сўмнинг молия бозорида халқаро нуфузини ошириш ва кенг жамоатчилик ўртасида танилишини таъминлаш мақсадида ўтказилаётгани қайд этилди.

Ушбу танловда мамлакат миллий валютасини халқаро миқёсда ўзига хослиги, халқнинг маданий қадриятлари ва бошқалардан ажралиб турувчи хусусиятларини ифодаловчи энг яхши график ишлар аниқланади.

Танловда барча Ўзбекистон фуқаролари қатнашиши мумкин. Иштирок этмоқчи бўлганлар 2022 йил 31 мартга қадар ариза, ўз ғоялари тасвири ва концепцияси билан биргаликда tanlov@cbu.uz электрон манзилига юборишлари керак.

Ғолибга Марказий банк томонидан пул мукофоти тақдим этилиши маълум қилинди. Танлов қоидалари билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк тижорат банкларининг молиявий хизматлари ҳақида ахборот берувчи www.bankxizmatlari.uz порталини ишга туширгани ҳақида хабар берилганди.