Россия мамлакатдан бензин экспортини чеклаш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий форумида Россия энергетика вазири Николай Шульгинов маълум қилди, деб хабар берди «РБК».

Reuters манбаларига таяниб, яқинда танқисликнинг олдини олиш учун Россия ҳукумати экспортга тақиқ қўйиш ва товар биржасида бензинни мажбурий сотиш ҳажмини ошириш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзган.

Вазирнинг айтишича, фақат экспортни қисқартириш масаласи муҳокама қилинмоқда. Унинг қўшимча қилишича, Энергетика вазирлиги тез орада ёқилғи бозоридаги вазиятни баҳолайди ва бензин ва дизель ёнилғиси экспортини чеклаш бўйича таклифлар киритади.

«Биз „тақиқ“ сўзини ишлатмаяпмиз, балки чекловлар ҳақида гапиряпмиз. Энергетика вазирлиги компанияларимизга етказиб беришни кўпайтириш ва экспортни камайтириш бўйича тавсиялар беради, лекин тақиқ эмас. Чакана нархлар ҳозирда барқарор ва биз ёнилғи қуйиш шохобчаларининг ялпи маржаси юқори даражада қолаётганини кўриб турибмиз, шунинг учун чакана савдода бундай ўзгариш бўлиши кутилмаяпти», — деди Шульгинов. Унинг қўшимча қилишича, Федерал антимонополия хизмати бу таклифни қўллаб-қувватлайди.

«РБК» хабарига кўра, Россияда биржа савдоларида бензин нархи бир неча ойдан бери ошиб бормоқда. Май ойида Россиянинг Европа қисмида Аи-95 бензинининг биржа нархи бир неча марта рекордларни янгилади. Охирги тарихий рекорд 17 май куни бир тонна учун 61 409 рубль (768 доллар) ўрнатилди. Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг нашрга маълум қилишича, Аи-95 биржа нархларининг ошиши чакана савдода бензин нархига жиддий таъсир кўрсатмайди: нефтни қайта ишлаш заводидаги таъмирлаш мавсуми олдидан ёнилғи захиралари яратилган.

Бу Ўзбекистонга қандай таъсир қилиши мумкин?

Ўзбекистонда маҳаллий бензин ишлаб чиқариш, айниқса, Аи-80 ёнилғисига бўлган талабни тўлиқ қондирмайди. «Ўзбекнефтгаз» миллий ишлаб чиқариш қуввати билан юзага келаётган талабни тўлиқ қондириш имконияти чекланганини тан олган. Танқислик совуқ кунларда кескин сезилади, чунки ёнилғи қуйиш шохобчалари ишининг чекланиши туфайли ҳайдовчилар бензин сотиб олишга ўтади.

Ўтган йили Ўзбекистонда 1,26 миллион тонна (880,4−924,4 миллион литр) бензин ишлаб чиқарилган бўлиб, бу 2021 йилга нисбатан 11,4 фоизга кўпдир. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 504,6 минг тоннани (+31,9%) ташкил этди.

«Газета.uz» маълумотларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон 161,7 миллион литр бензинни 99,3 миллион долларга ёки литри 0,61 центга (Марказий банкнинг ўтган йилги ўртача курси бўйича 6782,3 сўм) импорт қилган. Етказиб беришнинг асосий қисми (88%) Россиядан келган — 88,4 миллион долларга 142,7 миллион литр (0,62 цент ёки литри 6846,4 сўм).

2023 йилда ҳажмлар бир неча баробарга ошди. Биринчи тўрт ойда 335,2 миллион литр импорт қилинган, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўпдир. Етказиб беришнинг умумий қиймати 136,67 миллион долларни ёки литри 0,32 центни (Марказий банкнинг жорий йилнинг январь-апрель ойларидаги ўртача курси бўйича 3705,4 сўм) ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 2 баробар арзон.

Деярли барча импорт (97,7%) Россиядан келган. Ўзбекистон ўтган йил давомида Россиядан 2,3 баравар кўп — 327,8 миллион литр бензинни 132,3 миллион долларга (0,4 цент ёки литри 4579 сўм) сотиб олган.

Таъминотнинг кескин ошишига ўтган йилнинг декабрь ойи бошидан жорий йил охиригача импорт қилинадиган ва маҳаллий Аи-80 русумли бензинга акциз солиғи бекор қилингани ҳамда президентнинг бензин ва дизель ёнилғиси захирасини шакллантириш бўйича топшириғи сабаб бўлиши мумкин.

Январь ойи охирида Ўзбекистон ҳам Россиядан Аи-80 бензинини импорт қилишни бошлади. Ўша ойда Россиянинг «Газпром», «Татнефть» каби компаниялари, «Орскнефтеоргсинтез» нефтни қайта ишлаш заводи билан 50 минг тонна Аи-80 импорти бўйича, шунингдек, хусусий тадбиркорлар билан 5 минг тонна айни маркадаги бензин бўйича шартномалар тузилди.