2023 йилнинг 4 ойи давомида йўлларда 2144 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган, унда 499 нафар фуқаро вафот этди. Бу ҳақда 26 май куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида Бош прокуратураси, Ҳисоб палатаси, Ички ишлар, Транспорт вазирликлари ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбар ходимлари ахборот берди.

2022 йилда эса мамлакатда 9902 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган ҳамда уларда 9606 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2356 нафар фуқаро ҳалок бўлган. 2021 йилда жами 2197 нафар шахснинг авария сабаб вафот этгани расман қайд этилган.

Тадбирда таъкидланишича, йўлларда тирбандликлар келиб чиқишига транспорт воситалари сони аҳоли жон бошига кўпайиши ва йирик шаҳарларда янги автомобиль йўлларини қуриш имконияти чеклангани, светофор орқали транспорт оқимини бошқаришнинг ягона ақлли автоматлаштирилган тизими тўлиқ жорий этилмагани сабаб бўлмоқда.

Таҳлиллар давомида аниқланишича, автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларни сақлашда ҳамон бир қатор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган. Масъуллар бу борада ОАВ ва ижтимоий тармоқларда йўл қоидалари фаол тарғиб қилинмаслигини танқид қилган.

«Йўл ҳаракати қоидалари аҳоли ўртасида ҳанузгача таъсирчан ва самарали тарғиб қилинмайди, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг бу борадаги маданиятини юксалтиришга қаратилган материаллар етарли даражада берилмаяпти. Тегишли олий ўқув юртларини битирган бакалавр ва магистрларни йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига ишга қабул қилишнинг замонавий, шаффоф ва самарали тизими тўлиқ жорий этилмаган», — дейилади хабарда.

Тадбирда 2022−2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастурида юелгиланган вазифалар тўлиқ бажарилмагани айтиб ўтилди. Хусусан, Андижон, Фарғона, Бухоро, Навоий вилоятларида камералар ўрнатиш, уларни вилоят ва республика мониторинг марказларига интеграция қилиш, йирик бозорлар атрофида кўп қаватли ёки ер ости автотураргоҳлари ҳамда автоматлаштирилган йўл бўйи пуллик тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш каби топшириқлар ижро этилмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қўмита йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш учун дастур ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мутасаддиларининг фаолиятини ўрганади. Ҳудудий комиссиялар масъулиятини кучайтиради. Ҳар ойда йўлларнинг ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, қоидабузарликларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идоралар раҳбарлари фаолиятини танқидий ўрганиб чиқади. Шунингдек, тегишли таҳлилларнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари муҳокамасига киритади.

Ўлимлар сонини камайтириш учун нималар қилинмоқда?

ИИВ ЙҲХХ бошлиғи Олим Саидов декабр ойида «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда ўлимлар билан боғлиқ ЙТҲлар сонини 5 йилда камида 2 баробарга қисқартириш режалаштирилганини маълум қилганди.

«Бизнинг устувор йўналишимиз 5 йилда [ўлим билан боғлиқ ЙТҲлар сонини] энг камида 50 фоизга камайтириш. Ўзимизга бир маррани қўйганмиз, минимум ярмига камайтиришимиз керак. Максимум эса энг катта натижага эришиш [режалаштирилган]. Ҳар бир рақам орқасида бир инсоннинг ҳаёти, оиласи, тақдири турибди. Биз бунга бефарқлик билан қарай олмаймиз. Шунинг учун, зудлик билан тегишли чораларни кўришни бошладик», — деган эди ЙҲХХ бошлиғи.

Шунингдек, Хоразм ва Жиззах ЙҲХБ «илғор мамлакатлар тажрибаси» асосида болалар иштирокидаги ЙТҲларнинг олдини олишнинг янги усулини таклиф қилди. Унга кўра, ўтиш жойларидан олдин STOP белгиси чизилади. Ўқувчилар қўлларини кўтариб, йўлни кесиб ўтади ва миннатдорлик белгиси сифатида ҳайдовчиларга таъзим қилади.

«Ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидалари ва хавфсиз ҳаракатланиш асосларини ўргатиш борасидаги бундай ишлар ёш авлодни йўл ҳаракатининг маданиятли иштирокчиси этиб тарбиялаш, болалар ҳаётини сақлаб қолиш, улар иштирокидаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Ўлимлардан сўнг қўйилаётган светофорлар

Шаҳарлардаги тасмаси кўп, серҳаракат йўллардаги айрим пиёдалар ўтиш жойлари пиёдалар учун хавфлилигича қолмоқда. Шундай ўтиш чойларига ўлим билан якунлангани ЙТҲдан сўнггина светофор ўрнатилиб, тартибга солинмоқда.

Масалан, 13 апрель куни Тошкентнинг Яшнобод тумани Маҳтумқули кўчасида 2002 йилда туғилган Р.И. бошқарувидаги Lacetti 1976 йилда туғилган аёлни уриб юборди. Оқибатда пиёда жароҳат олиб шифохонага ётқизилди. «Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, шундан сўнг ҳодиса бўлган пиёдалар ўтиш жойига светофор ўрнатилган.

Яна бир ҳолатда, Фарангиз Режаметова 2018 йил 20 июлда соат 21:15 атрофида Абдулла Қодирий ва Маҳатма Ганди чорраҳасидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётганида 23 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Mercedes-Benz автомобили қизга йўл бермасдан, уни уриб юборганди. Ҳайдовчи жабрланувчини касалхонага олиб борган, аммо йўлда 25 ёшли актриса оламдан ўтган.

Ҳодисадан бир муддат ўтиб, пиёдалар ўтиш жойига светофор, Абдулла Қодирий кўчасидаги йўл ўтказгичга эса фоторадар ўрнатилганди. Кейинроқ, актриса ўлими юз берган жой яқинида радар ўрнатиш ҳуқуқи 3,5 млрд сўмга сотилган.