Актриса Фарангиз Режаметова (Жамолхонова) Тошкентда Абдулла Қодирий ва Маҳатма Ганди кўчалари чорраҳасидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлагида содир бўлган ЙТҲда ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

20 июль куни тахминан 21:15 да Mercedes-Benz автомобили 25 ёшли қизни уриб юборган. 23 ёшли ҳайдовчи Улуғбек Э. жабрланувчини шифохонага олиб борган, бироқ у йўлда ҳаётдан кўз юмган, дея маълум қилди ИИББ.

Мирзо Улуғбек туман ИИБ тергов бўлими Ўзбекистон Жиноят кодекси 266-модда 2-қисми (Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) бўйича жиноий иш қўзғатди.

Фарангиз Режаметова (1993 й. т.) санъаткорлар оиласида дунёга келган. Унинг онаси — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актриса Фотима Режаметова, бобоси — Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган артист Тўғон Режаметов. Фарангиз ўнлаб бадиий фильм ва сериаллар, жумладан «Сеҳрли қалпоқча», «Уй бекаси"да рол ижро этган бўлса, Зулфиқор Мусоқовнинг «Ойижон» фильмида бош ролни ўйнаган.