Ўзбекистондаги автомобилларга бензин қуйиш шохобчаларида юзага келган узун навбатлар сунъий тақчиллик ва ортиб бораётган талабни қондириш учун ишлаб чиқариш қувватларининг етишмаслиги билан боғлиқ. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, республика ҳудудида декабрь ва январь ойларида об-ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши ҳамда автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар жорий этилгани сабабли аҳолининг Аи-80 автобензинига бўлган талаби таклифга нисбатан кескин ошган. Бугунги кунда Аи-80 русумли бензинга бўлган талаб кунлик 8 минг тоннага етмоқда.

Бундай ҳолатда баъзи хусусий АЁҚШлар томонидан автобензинни ноқонуний реализация қилиш, шохобчаларда нархларни сунъий ошириш, сифатсиз бензин ёнилғисини сотиш каби ҳолатлар содир этилмоқда. Хусусан, биржа савдолари орқали сотиб олинган ва белгиланган тартибда етказиб берилган Аи-80 русумли автобензинни АЁҚШларда сотмаслик ёки Аи-92 кўринишида сотиш ҳолатлари учрамоқда, — дейилади хабарда.

Бу эса «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги UNG Petro МЧЖ автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида юкламанинг ошишига олиб келмоқда.

Ёнилғи қуйиш шохобчаларида мавжуд колонкалар (одатда 2−4 та) ёнилғи қуйиш бўйича максимал қувватларда ишлатилаётгани ва ушбу қувватлар мавжуд оқимни бир вақтда таъминлаш имконини таъминламаётгани оқибатида шохобчаларда Аи-80 маркали бензин маҳсулоти реализация қилинишида сезиларли навбатлар юзага келмоқда.

Бу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳозирда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси («Ўзнефтгазинспекция») томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда ишчи штаб ташкил этилган ва назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Республика истеъмолчиларини узлуксиз ва бир маромда автобензин билан таъминлаш, нархлар кескин ўсишининг олдини олиш, бозорда талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаш ҳамда ички бозорда танқисликни вужудга келишига йўл қўймаслик мақсадида «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ишлаб чиқариш ҳажмлари оширилиб, кунлик ўртача 4,6 минг тонна Аи-80 русумли автобензин ишлаб чиқарилмоқда. Шундан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи 3,1 минг тонна ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 1,5 минг тонна.

Январь ойида биржа савдоларига жами 136,5 минг тонна (ўртача биржа кунида 6 203 тонна) Аи-80 русумидаги автобензин сотиш учун жойлаштирилиб, АЁҚШлар томонидан харид қилинди. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига солиштирганда 44,6 минг тоннага кўп ҳисобланади.

Жумладан, Аи-80 автобензинининг биржа савдоларига жойлаштириладиган ҳажми оширилмоқда. 31 январь куни биржа савдоларига 5550 тонна Аи-80 автобензин сотиш учун жойлаштирилди.

Жамият томонидан яратилган захира, шунингдек, ишлаб чиқарилган автобензин ҳисобидан 163,6 минг тонна (ўртача кунлик 5276 тонна) ва 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 74,7 минг тоннага кўп автобензин етказиб берилиши таъминланди.

31 январь куни «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги нефть базалари орқали истеъмолчиларга жами 6303 тонна Аи-80 автобензин, жумладан Тошкент шаҳри ва вилоятига 1466 тонна ёнилғи тарқатилди. Бироқ бугунги кундаги вужудга келаётган талабни ишлаб чиқариш қувватлари орқали тўлиқ таъминлаш имконияти чегараланган.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолиси эҳтиёжларини сифатли ва арзон нархларда автобензин билан таъминлаш мақсадида акциядорлик жамияти тасарруфдаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулот билан бир қаторда, тайёр маҳсулот импорт қилинмоқда.

Хусусан, январь ойида Россиядан 50 минг тонна Аи-80-К5 русумидаги автобензинни импорт қилиш бўйича шартнома тузилиб, жами 44,2 минг тонна автобензин юкланган бўлиб, ҳозирда республика ҳудудига етказиб келиш ва ички бозорга сотиш чоралари кўрилмоқда.

Бугунги кунда UNG Petro МЧЖ томонидан Аи-80 бўлаётган талаб ортиб бораётгани, республика иқтисодиёти ва аҳолисини нефть маҳсулотлари билан таъминлашни инобатга олиб, тақчиллик, узилишлар ва АЁҚШлардаги навбатларни олдини олиш мақсадида «Газпром» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Аи-80-К5 автобензини харид қилиниб, АЁҚШлар орқали республика истеъмолчилари учун реализация қилинмоқда.

Бундан ташқари, январь ойида UNG Petro МЧЖ томонидан импорт ҳисобига қўшимча 8,4 минг тонна юқори октанли автобензин етказиб берилган, жумладан Аи-92 — 5,6 минг тонна, Аи-95 — 2,5 минг тонна ва Аи-98 — 300 тонна.

Президенти администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси топшириғига асосан автобензин узлуксиз ва барқарор етказиб берилиши юзасидан Энергетика вазирлиги томонидан кунлик ва соатлик назорат ўрнатилган.

Автобензин танқислигига йўл қўймаслик бўйича барча чоралар кўрилган, жумладан, 1 февраль ҳолатига жамият тасарруфидаги нефть базалар ва нефтни қайта ишлаш заводларида 42,1 минг тонна автобензин қолдиқлари мавжуд, — дейилади ахборотда.

Эслатиб ўтамиз, 28 январдан «Ўзбекнефтгаз» компаниясининг UNG Petro АЁҚШларида Россиянинг АИ-80 бензини сотуви бошланган.

3 февраль ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида 35 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолияти қайта тикланган.