МТО технологиясига асосланган газ-кимё мажмуаси (Methanol to Olefin, метанолдан этилен ва пропилен синтези) Американинг Air Products компанияси билан метанол ишлаб чиқариш заводини қуриш мақсадида газни саноат даражасида қайта ишлаш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz»га МТО ГКМ матбуот хизмати хабар берди.

«Метанол ороли» номи билан танилган ушбу иншоот йилига 1,34 миллион тонна қувватга эга бўлади ва Ўзбекистонда метанолдан олефин ишлаб чиқариш буйича газ-кимё комплекси таркибига киради, дея қўшимча қилди компания.

Объект Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятидаги «Қоракўл» эркин иқтисодий зонасида 15 гектар майдонда қурилади. Режалаштирилган фойдаланишга топшириш муддати 2025 йил, эксплуатация муддати эса 25 йил.

Ҳисоботда қайд этилишича, илғор инновацион технологиялар асосида ишлайдиган Ўзбекистондаги МТО газ-кимё комплекси мамлакатда қазиб олиниб, қўшилган қиймат кўрсаткичлари паст бўлган табиий газни юқори даражадаги қўшилган қийматга эга бўлган полимер маҳсулотларини ишлаб чиқариш мақсадида чуқур қайта ишлаш учун мўлжалланган бўлиб, йилига ишлаб чиқариш қуввати 1,1 млн тоннадир.

МТО ГКМ қуйидагиларни ишлаб чиқаради:

  • сунъий толалар, электротехника ва автомобиль қисмларини ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган полипропилен (йилига 250 минг тонна);
  • қувурлар, изоляцион материаллар, қадоқлаш ва озиқ-овқат плёнкалари ишлаб чиқариш учун хомашё бўлган паст зичликдаги полиэтилен (йилига 80 минг тонна);
  • пол қопламалари, поябзал ва спорт анжомлари ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган этиленвинилацетат (йилига 100 минг тонна);
  • полиэтилентерефталат (йилига 300 минг тонна), ундан контейнерлар, плёнкалар ва синтетик толалар ишлаб чиқариш учун ҳам фойдаланиш мумкин;
  • юқори зичликдаги полиэтилен (йилига 280 минг тонна), ундан қувур ва арматура, бочкалар ва ёнилғи қутилари, музлатгич идишлари, хавфсизлик шлемлари ва мебел жиҳозлари ишлаб чиқариш учун фойдаланилади.

Корхонанинг таъкидлашича, завод метанол, водород ва бошқа техник газлар, хусусан, кон-кимё комбинати ишлаб чиқариш жараёнлари учун зарур бўлган кислород ва азот билан барқарор таъминланади.

«Биз дунёда саноат газларини ишлаб чиқариш соҳаси етакчиси бўлган Air Products компанияси билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Air Products юқори сифат ва талаб қилинадиган маҳсулот ҳажмини кафолатлай оладиган, самарадорлиги исботланган ечимларнинг ишончли таъминотчиси сифатида ўзини намоён қилиб улгурган. Компания инвестициялари халқаро ишлаб чиқарувчиларнинг Ўзбекистондаги саноат ривожланиши билан боғлиқ имкониятларга бўлган қизиқиши юқори эканини намойиш этади», — деди МТО газ-кимё комплекси бош директори.

Завод қурилиши якунлангач, «метанол ороли» ҳудудида водород, кислород ва азот ишлаб чиқариладиган водород ишлаб чиқариш ва ҳаво ажратиш қурилмалари, синтетик газ ишлаб чиқариш ва уни метанолга айлантириш учун мўлжалланган метанол қурилмаси ишлаб чиқариш қувватлари жойлашади. Жараён Haldor Topsoe технологиясига асосланган, дейилади хабарда.