2023 йилда Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларида иқтисодий ўсиш секинлашади, минтақа истиқболи эса ташқи омилларга ўта қарам. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) сўнгги минтақавий прогнозида айтилади.

2022 йилда минтақа мамлакатларида ўсиш 4,8 фоизни, хусусан, Арманистонда 12,6 фоиз, Қозоғистонда 3,2 фоиз ва Туркманистонда 1,8 фоизни ташкил этди.

Келгуси йилда ХВЖ минтақадаги иқтисодий ўсиш 2024 йилда 4,5% гача кўтарилишидан олдин 4,2% гача секинлашишини тахмин қилмоқда.

Минтақанинг иқтисодиётига нима таъсир қилади?

Минтақадаги сўнгги воқеалар иккита параллель оқимни акс эттиради: пандемиядан кейинги тикланиш ва Украинадаги урушнинг тарқалиши, дейилади ҳисоботда.

Украинадаги урушнинг кутилмаган иккиламчи таъсирлари:

  • 2022 йилда Россиядаги рецессия минтақада иқтисодий ўсишнинг пасайишига олиб келмади. Аксинча, Кавказ ва Марказий Осиёнинг аксарият мамлакатларида сезиларли ўсиш суръати кузатилди.
  • Хусусий маблағлар оқими кескин ошди. Россиядан Арманистон, Грузия ва Озарбайжонга соф пул ўтказмалари 2022 йилда ўтган йилга нисбатан беш баравардан кўпроқ ўсиб, ялпи ички маҳсулотнинг мос равишда 17, 8 ва 3 фоизини ташкил этди. Тожикистон ва Ўзбекистон ҳам соф пул ўтказмалари икки баравар, яъни ЯИМнинг 13 дан 23 фоизигача кўпайди.
  • Уруш келтириб чиқарган муҳожирлар оқими талабни оширди, шу билан бирга, ижара ва кўчмас мулк бозорларидаги нархларга босим ўтказди. Россиядан асосан Арманистон, Грузия, Қозоғистон ва Ўзбекистонга келган муҳожирлар сони 50 мингдан 150 минг кишигача, яъни қабул қилувчи мамлакат аҳолисининг 5 фоизини ташкил қилади.
  • Санкциялар Хитой ва Европа Иттифоқи ўртасидаги анъанавий савдо (темир йўл) йўналишларининг беқарорлашишига, савдо йўлларининг Россиядан қўшни давлатларга ўтишига олиб келди. Оқимлардаги бу ўзгаришлар транзит савдосининг ўсишига олиб келади.

Бундан ташқари, биржада сотиладиган энергия товарлари нархларининг ошиши нефть экспорт қилувчи мамлакатларнинг ташқи иқтисодий операциялари балансига ижобий таъсир кўрсатди. Шунингдек, Россияда кутилганидан ҳам яхши ҳосил озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни юмшатди.

Бироқ бу иккиламчи таъсирлар сўниб бориши билан 2023 йилда иқтисодиётнинг секинлашиши кутилмоқда.

Асосий хавф омиллари орасида:

  • Россияда ўсиш кўрсаткичларининг прогнозга нисбатан ёмонлашиши;
  • пул ўтказмаларининг камайиши;
  • Россиядан мигрантлар оқимининг камайиши;
  • озиқ-овқат таъминоти занжиридаги узилишлар.

Умуман олганда, Россия билан товар айирбошлашнинг ўсиши Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларини уруш пайтида юзага келиши мумкин бўлган ёмонлашувга ва янада қаттиқроқ санкцияларга дучор қилади.

Инфляция

2022 йил ўрталаридан бошлаб Арманистон, Грузия ва Тожикистонда умумий инфляция пасайди, бироқ Қозоғистон ва Қирғизистонда ўсишда давом этди, Ўзбекистонда эса барқарор даражага етди.

Озарбайжонда инфляция 2022 йил сентябрь ойида аста-секин пасайишни бошлади, бироқ 2023 йил бошида икки хонали даражада сақланиб қолди.

Минтақада инфляция динамикасини белгиловчи асосий омиллардан бири иш ҳақи ҳисобланади. Кўпгина мамлакатларда номинал иш ҳақининг ўсиш суръати инфляция даражасидан юқори. Бу инфляция барқарорлигини ошириши ҳамда пул-кредит сиёсатини олиб боришга тўсқинлик қилиши мумкин.

ХВЖ нимани башорат қилмоқда?

  • Инфляция 2022 йилдаги 13 фоиздан 2023 ва 2024 йилларда мос равишда 11,8 ва 8,5 фоизгача пасаяди, бироқ бу пасайиш мамлакатлар бўйича бир хил бўлмайди.
  • Ўзбекистон каби паст даромадли мамлакатларда инфляция 2023 йилда 11 фоиз даражасида қолади, сўнгра 2024 йилда 9,3 фоизгача тушади
  • Нефть экспорт қилувчи мамлакатларда (Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон) инфляция аста-секин пасаяди — 2023 йилда 13 фоиз ва 2024 йилда 8,7 фоиз.
  • Ривожланаётган бозор мамлакатларида (Арманистон, Грузия) 2023 ва 2024 йилларда инфляция кескин пасайиб, 6,4 ва 4 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Бу ҳолат биржа товарларининг жаҳондаги нархлари пасайиши, пул-кредит сиёсати қучайишининг кечиккан таъсири ҳамда миллий валюта курсининг давом этаётган мустаҳкамланиши туфайли юзага келиши мумкин.