Хитой темирйўл қурилиш корпорациясининг биринчи лойиҳа-тадқиқот институти Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темирйўли қурилишининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни якунлади. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

454 километр узунликдаги Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темирйўли қурилишининг техник-иқтисодий асослари 1 июнга қадар (бундан олдин —1 июль) ишлаб чиқилиши режалаштирилганди, бироқ бу иш муддатидан олдин якунланди.

Транспорт вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, «Хитой-Марказий Осиё» биринчи саммити якунлари бўйича Қирғизистон ва Хитой билан лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичлари бўйича «йўл харитаси» имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев ва Хитой халқ республикаси раиси Си Цзиньпин учрашуви якунлари бўйича Ўзбекистон ва Хитойнинг қўшма баёнотида Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темирйўли лойиҳаси икки давлат ва минтақа ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда тарихий аҳамиятга эга экани таъкидланганди. Томонлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш тугалланганидан мамнун ва темирйўл қурилишини якунлаш ва тайёрлашга биргаликда ҳисса қўшишга тайёр.

Бундан ташқари, ҳар икки томон Хитой-Марказий Осиё транспорт йўлаги қурилишини жадаллаштириш, бу йўналишда темир йўлконтейнер ташувларини ривожлантириш, Хитой-Тожикистон-Ўзбекистон автомобиль йўлининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва юк ташиш ҳажмини оширишга тайёр.

Лойиҳа доирасида Жалолобод — Макмал — Арпа — Торугарт — Қашғар қўшма йўналиши бўйлаб автомобиль йўли қуриш режалаштирилган. Қирғизистон орқали ўтадиган транзит йўли Ўзбекистонга қўшимча 5 млн тонна транзит юк ташиш имконини бериши кутилмоқда.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги аввалроқ мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Хитойдан Ўзбекистон орқали Туркияга ва ундан кейин Европага, шунингдек, Форс кўрфази давлатларигача бўлган савдо ва транспорт географиясини кенгайтиришини маълум қилганди.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси, Президент администрацияси раҳбари Оқилбек Жапаров декабрь ойи бошида лойиҳа қиймати 6 млрд долларга баҳоланганини таъкидлаганди. Ундан 10 кун аввал эса тахминий қиймат 3−5 млрд доллар бўлгани айтилган.