ШҲТ Самарқанд саммити доирасида 14 сентябрь куни Транспорт вазирлиги, Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазирлиги, Хитой Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси ўртасида «Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой» темир йўли қурилиши (Қирғизистон ҳудудида) лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама битим имзоланди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Мазкур ҳужжат билан Қирғизистон ҳудудидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича барча ишларни 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида якунлаш белгиланган. Шунингдек, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқишда томонларнинг иштироки, молиялаштириш ва харажатларни тақсимлашига аниқлик киритилган.

«Лойиҳа Хитойдан Ўзбекистон орқали Европага ва Жанубий йўллар билан Форс кўрфази давлатларига ташувларни ҳамда савдо географиясини кенгайтириш учун асос бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир», — дейилади хабарда.

Мазкур темир йўл қурилиши лойиҳаси қарийб 20 йил давомида муҳокама қилинган. Бир нечта маршрут вариантлари кўриб чиқилган.