Хитой Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатга киришини соддалаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ва Хитой раиси Си Цзиньпиннинг 18 май куни бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича мамлакатларнинг қўшма баёнотида сўз борган.

Томонлар 2019 йилда мамлакатлар ҳукуматлари ўртасида ишбилармон доиралар вакиллари учун виза тартибини соддалаштириш тўғрисида имзоланган келишув «икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, иқтисодий, савдо ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш» учун кенг истиқболларни очганини таъкидлаган.

Хитой томони Хитой фуқаролари учун Ўзбекистонга 10 кунлик визасиз кириш сиёсатини юқори баҳолайди ва Ўзбекистон фуқароларининг Хитойга киришини осонлаштириш чораларини кўришга тайёр, дейилади баёнотда.

Хитой Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ва бу борада зарур ёрдам кўрсатишга тайёр экани қайд этилди.

«Ўзбекистон „Ягона Хитой“ тамойилини қатъий қўллаб-қувватлайди ва ХХР ҳукумати бутун Хитойни ифодаловчи ягона қонуний ҳукумат эканини ва Тайван Хитой ҳудудининг ажралмас қисми эканини яна бир бор тасдиқлайди. Тайван билан ҳеч қандай расмий алмашувлар ўтказмаслигини ва Тайван бўғозининг ҳар икки томонидаги муносабатларнинг тинч йўл билан ривожланишини ва Хитой ҳукумати томонидан миллий бирлашишга эришиш учун кўрилаётган барча саъй-ҳаракатларни қатъий қўллаб-қувватлашини тасдиқлайди», — дейилади баёнотда.

Хитой Ўзбекистондан юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини кенгайтиришга ҳамда қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларининг айрим тоифалари учун карантин рухсатномаларини тасдиқлашни жадаллаштиришга тайёр экани билдирилди.

Ўзбекистон Хитой компанияларини Ўзбекистондаги қуёш, шамол ва гидроэнергетика лойиҳаларида иштирок этишга таклиф қилди. Ўзбекистон томони Хитой технологиялари ва капиталини жорий этишга, қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаларини ва тегишли ускуналарни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга, мутахассисларни биргаликда тайёрлашга тайёр экани кўрсатилди.

«Икки томон ҳам Хитой-Марказий Осиё газ қувурининг барқарор ишлашини ва келишилган режага мувофиқ етказиб беришни таъминлаш бўйича ҳамкорлик қилади», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон ва Хитой Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли лойиҳаси икки давлат ва минтақа ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда тарихий аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Томонлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш тугалланганидан мамнун ва темирйўл қурилишини якунлаш ва тайёрлашга биргаликда ҳисса қўшишга тайёр.

Икки томон ҳам Хитой-Марказий Осиё транспорт коридорини қурилишини жадаллаштириш, «Хитой-Марказий Осиё» темирйўл контейнер ташувини ривожлантириш, Хитой-Тожикистон-Ўзбекистон автомобиль йўлининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва юк ташиш ҳажмини оширишга тайёрлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари 2023−2027 йилларда икки давлат ўртасида янги даврда кенг қамровли стратегик шерикликни ривожлантириш дастурини, шунингдек, ҳамкорликка оид 41 та ҳужжатни, жумладан:

  • электр узатиш линиялари ва нимстанцияларини қуриш лойиҳасини молиялаштириш тўғрисида;
  • мультимодал логистика марказини ташкил этиш тўғрисида;
  • «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти негизида локомотив паркини янгилаш ва модернизация қилиш тўғрисида;
  • Агроинновациялар паркини ташкил этиш тўғрисида;
  • биотехнологик кластерни яратиш бўйича;
  • Ўзбекистон темир йўллари" АЖ локомотивлари паркини янгилаш ва модернизация қилиш тўғрисида;
  • EXEED компанияси билан биргаликда замонавий автомобиллар ишлаб чиқариш тўғрисида;
  • BYD Auto Industry компанияси билан биргаликда электр ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқариш тўғрисида ҳужжатларни имзолаган.