20 май куни Қозоғистоннинг Доссор-Кульсари-Бейнеу автомобил йўлининг 133-километрида Toyota Ipsum ва «КамАЗ» иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда Қозоғистон ички ишлар органлари медиа маркази.

Тўқнашув натижасида Toyota автомобили ёниб кетган, ҳайдовчи ва уч нафар йўловчи ҳалок бўлган. Яна бир йўловчи турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.

йтҳ, йўл-транспорт ҳодисаси, қозоғистон

«Айни пайтда қурбонларнинг шахсини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирча улар Ўзбекистон фуқаролари экани маълум. Маълум бўлишича, йил бошидан буён Toyota автомашинаси ҳайдовчисига нисбатан 10 та баённома тузилган. Хусусан, тезликни оширганлик учун 8 та, хавфсизлик камарини тақмаганлик учун эса иккита баённома белгиланган», — дея маълум қилди Атирау вилояти қошидаги патрул полицияси ротацияси командири Адилбек Шахметов.

Эслатиб ўтамиз, тўрт кун аввал, 16 май куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган эди. Олти киши касалхонага ётқизилган.

Жорий йилнинг март ойи бошида Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида Cobalt ва «КамАЗ» автомобиллари тўқнашуви натижасида тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган эди.