Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 2 март куни 22 ёшли талаба Сардор Раҳмонқуловга нисбатан жазони шартли жазо билан алмаштириб, уни синов муддати билан озод қилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.

«Газета.uz» январь ойи охирида Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди йигитни Жиноят кодексининг 244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисмининг «г» банди билан айбдор деб топилгани ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар берган эди.

Тошкент давлат техника университетининг 4-босқич талабаси, SMM-менежери Сардор Раҳмонқулов суд қарорида айтилишича, Telegram бот орқали кўчириб олинган ақидапарастлик ғоялари билан йўғирилган, шаҳид бўлиш орзулари экани ҳақидаги ва бошқа мазмундаги аудиоқўшиқ (нашида)ни танишига тарқатиш мақсадида юборган.

Маҳкумнинг онаси ўғли аввалига «ўғли аввалига изолятордалик вақтида содир этиши мумкин бўлмаган ҳуқуқбузарлик учун 15 суткага қамалганини» маълум қилган.

Апелляция шикоятини кўриб чиққан суд 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини шартлига ўзгартириб, 2 йил синов муддати белгилади. Сардор Раҳмонқулов суд залида ҳибсдан озод этилди.

Унинг 7 ой 9 кун тергов изоляторида бўлгани инобатга олиниб, бу муддат асосий жазодан чегириб ташланди.

«Албатта, судьялар мустақил, улар фақатгина қонунга бўйсунадилар. Шу маънода жамоатчиликнинг кенг муҳокамаси эмас, балки амалдаги қонунчилигимизда назарда тутилган адолат ва шахсни ахлоқан қайта тарбиялаш сингари тамойилларга асосланган ҳолда суд шундай тўхтамга келганини таъкидлаш жоиз», — дейилади хабарда.

Олий суд маълумотларига кўра, Суд жиноят ишини атрофлича ўрганар экан, С. Раҳмонқуловнинг ўз қилмишига иқрор ва пушаймонлиги, унга нисбатан енгиллик бериш ҳақидаги кафолат хатларини инобатга олган ҳолда ҳамда инсонпарварлик ва одиллик тамойилларига асосланиб қарор чиқарган.