UzAuto Motors компанияси 1 июндан Damas, Labo, Cobalt ва Lacetti автомобилларининг янгиланган версиялари тақдим этилиши, Cobalt ва Lacetti нархи 20−23 минг долларгача кўтарилиши ҳақидаги хабарларнинг ёлғон эканини билдирди.

«UzAuto Motors бу бўйича ҳеч қандай маълумот тақдим қилмаган. Ушбу маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмас ва ёлғонлигини таъкидлаб ўтиш керак. Турли саҳифа эгаларидан одамлар эътиборини тортиш учун улар қизиққан йўналишда бирор-бир фактга асосланмаган ахборотни тарқатмасликни сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.

Май ойи бошида компания Chevrolet Tracker ва Onix автомобиллари учун шартномалар беришни ушбу моделларнинг конфигурацияси янгиланиши муносабати билан вақтинча тўхтатганди. Компаниянинг билдиришича, автомобиллар учун «иссиқ» вариантлар кутилмоқда.

Ишлаб чиқарувчи аввалроқ шартнома тузиш ва автомобиллар топширишни ҳам тўхтатган. Бунга сабаб сифатида ҳисоб дастурий таъминоти амалга оширилиши кўрсатилганди. Бунгача Cobalt, Lacetti, Damas, Labo каби бюджет моделларининг сотуви декабрь ойида тўхтатилган ва ҳали тикланмаган.