4 янаварь куни UzAuto Motors ҳисоб дастурий таъминотини амалга ошириш муносабати билан шартнома тузиш, автомобилларни топшириш ва тўловларни қабул қилишни вақтинча тўхтатганди. 9 январь куни компания жараён яна узайтирилганини маълум қилди.

UzAuto Motors барча автомобилларни топшириш ва тўловларни қабул қилиш яна бир неча кунга тўхтатилганини қайд этди. Бундан ташқари, дастурий таъминотни ишга тушириш тадбирлари ўтказилиши муносабати билан UzAvtoSavdo иловаси фаолияти ҳам вақтинча тўхтатиб турилиши мумкин.

Таъкидланишича, дастурий таъминотни янгилаш ва инвентаризация ишлари якунлангандан сўнг контрактация шартномаларини тузиш, олдиндан тўловни қабул қилиш ва автомобилни етказиб бериш тўлиқ ҳажмда қайта тикланади.

«Истеъмолчиларимизни ишонтириб айта оламизки, 2022 йил, янги йил арафасида автомобиль етказиб бериш бўйича шартнома тузган ва вақтинчалик чеклов учун олдиндан тўловни амалга ошира олмаган шахслар иш қайта тикланганидан сўнг автомобиль учун олдиндан тўловни амалга ошириши мумкин. Шу билан бирга, улар томонидан автомобиль етказиб бериш бўйича тузилган шартномалар ўз кучида қолади, фақат олдиндан тўлов муддати узайтирилади», — дейилади хабарда.

Компания истеъмолчилардан юзага келган вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўради.