UzAuto Motors компанияси Chevrolet Tracker ва Onix автомобиллари учун шартномалар беришни вақтинча тўхтатди, дея маълум қилди «Газета.uz»га компания матбуот хизмати.

Spot нашрининг Uzavtosavdo ботига таяниб хабар беришича, апрель ойи охирида Tracker харид қилиш учун навбат 17,7 минг кишидан ошган. Onix етказиб берилишини эса 13,7 минг харидор кутган. Энди бу кўрсаткичлар мос равишда 10,5 минг ва 7,4 мингга камайган.

Шартноманинг тўхтатилиши ушбу моделларнинг жиҳозлари янгиланиши билан боғлиқ. Ўтган йилнинг август ойида хабар қилинганидек, Tracker ва Onix машиналари қўшимча опциялар: ташқи ойналарни иситиш тизими, олд ўриндиқларни иситиш, ойна тозалагич (дворник) атрофини иситиш, иккинчи орқа қатор ўриндиқлари иситиш тизими, электр механизмга эга ҳайдовчи ўриндиғи, руль иситиш тизими, ҳимоя картери ва Redline пакети билан сотувга чиқади.

Шартномалар келгуси ҳафтада қайта тикланиши кутилмоқда.

Аввалроқ компания шартнома тузиш ва автомобиллар топширишни ҳам тўхтатганди. Бунга сабаб сифатида ҳисоб дастурий таъминоти амалга оширилиши кўрсатилганди. Бунгача Cobalt, Lacetti, Damas, Labo каби бюджет моделларининг сотуви декабрь ойида тўхтатилган ва ҳали тикланмаган.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Асакада Spark ўрнини босувчи янгиланган Tracker кроссоверининг оммавий ишлаб чиқарилиши 2022 йил июлида, Onix седанининг (Nexia муқобили) серияли ишлаб чиқарилиши 2023 йилнинг февраль ойида бошланганди.