Венгриянинг OTP Bank банки яқин икки ҳафта ичида Ўзбекистонда «Ипотека-банк»ни хусусийлаштириш бўйича биринчи битимни якунлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 17 май куни Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) Самарқандда бўлиб ўтган бизнес-форумида OTP Bank бош директори ўринбосари Ласло Вульф маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Ипотека-банк»ни хусусийлаштириш шартномаси 2022 йил декабрь ойида имзоланган. Битимга кўра, OTP Bank Ўзбекистон Молия вазирлигига тегишли бўлган «Ипотека-банк» акцияларининг 100 фоизини (жами акция пакетининг дерли 97 фоизи) икки босқичда: 75 фоиз акцияни дарҳол ва қолган 25 фоизини 2 ҳафта ичида бўлиши кутилаётган биринчи битимнинг молиявий якунланишидан 3 йил ўтиб сотиб олади.

Март ойи охирида президент билан бўлиб ўтган учрашувда «Ипотека-банк»даги давлат улуши 324 миллион долларга сотилгани маълум бўлганди. Битим ҳали имзоланмаган, шунингдек, кўрсатилган сумма банкнинг 75% ёки 100% улуши учун тўлангани ҳам номаълум.

OTP Bank бош директори ўринбосари Ласло Вульф Ўзбекистон бозорига кириш тўғрисидаги қарор уч йил аввал қабул қилинганини, чунки мамлакат OTP Bank`нинг янада жадал ривожланиши учун қулай эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, уруш ва инқироз бошланганидан сўнг банк раҳбариятида Ўзбекистон бозорига киришга арзийдими, деган шубҳа туғила бошлаган, бироқ охир-оқибат «мамлакат иқтисодиёти ривожланишига тўла ишонч ҳосил қилган ҳолда» маҳаллий банкни хусусийлаштириш қарорига келган.

«Биз 2022 йил декабрь ойида «Ипотека-банк»нинг 70 фоиз улушини сотиб олиш бўйича шартнома имзоладик ва банкни ривожлантириш бўйича ишларни бошладик. Ҳали шартномани якунламадик, лекин икки ҳафта ичида уни якунлашга умид қиламиз. Аммо шартнома имзолангандан бери банк билан жуда фаол алоқадамиз», — деди Ласло Вульф.

У Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти уч йил ичида 60 миллиард доллардан 80 миллиард долларга ўсгани, жорий йилда эса 84−85 миллиард долларга етиши кутилаётганини таъкидлади. «Охирги 3 йил ичида мамлакатда ўзгариш бўлди: бозор ва банк сектори анча ривожланган, бу — ижобий ҳолат. Шу билан бирга, рақобат ҳам кучайди, айниқса, янги рақамли банклар. Умуман олганда, барча банклар иши яхшиланди», — деди OTP Bank директори ўринбосари.

Ласло Вульфнинг таъкидлашича, OTP Bank банк филиаллари ва рақамли банкинг билан гибрид модель асосида ривожланишни режалаштирмоқда. «Филиалларда хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, кутиш вақтини қисқартириш, мижозлар эҳтиёжини қондириш, корпоратив мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, кэш-менежмент, тарифлар, молиявий шароитларни яхшилаш режаларимиз бор», — деди у.