«Ягона умумреспублика процессинг маркази» Миллий банклараро тўлов тизими билан биргаликда Uzcard ва Humo тўлов тизимлари банкоматларини интеграция қилиш бўйича техник ишларни якунлади. Бу ҳақда Uzcard ахборот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, ҳозирги вақтда пилот режимида иккита банкомат ишлаб турибди: Uzcard`га уланган ва Humo банк карталарини қабул қилувчи «Kapitalbank» АТБ банкомати, шунингдек, Humo`га уланган ва Uzcard карталари қабул қилинишини таъминлайдиган «Халқ банки» АТБ банкомати.

Тўлов тизимларининг иккала оператори томонидан тест синовлари муваффақиятли якунлангандан сўнг, шунингдек транзакцияларни амалга оширишда юзага келиши мумкин бўлган хатолар аниқлангандан сўнг, тижорат банкларининг барча банкоматларини улаш режалаштирилади, дейилади хабарда.

2023 йил 1 июндан бошлаб тижорат банклари билан келишилган жадвалга мувофиқ барча банкоматларни босқичма-босқич улаш бошланиши кутилмоқда.

Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов интеграциялашдан мақсад нақд пул ечиб олиш бўйича хизматлар кўрсатиш эмас, балки банкоматларнинг функционаллигини бир-бири билан бирлаштириш эканини айтиб ўтганди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг январь ойида Марказий банк раҳбари Humo ва Uzcard тўлов тизимлари узоқ музокаралардан сўнг ўзаро интеграция бўйича келишувга эришганини маълум қилганди.

Жараёнга ҳаракат биринчи марта 2020 йил сентябрь ойида бошланган. 2021 йил декабрь ойи охирида Uzcard ва Humo ўзаро интеграциянинг биринчи босқичини якунлаётгани хабар қилинган. Бу тизим билан иккита тўлов тизимининг терминаллари иккала картани ҳам қабул қила олади. Тизим пайдо бўлиши учун банклар терминалларини қандай янгилаш бўйича кўрсатмалар олишлари керак эди.

Президент қарорида, шунингдек, 2023 йил охиригача икки тизимнинг тўлов терминалларини интеграциялаш бўйича кўрсатмалар берилганди.