Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови ўтказилишини маълум қилди. Бу тўғрисидаги фармонни давлат раҳбари янги таҳрирдаги Конституциянинг 128-моддасида мамлакат президентига берилган ваколатдан фойдаланиб имзолаган, дея хабар бермоқда президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Бундай қарорга келиш учун қандай объектив зарурат бор, деган савол туғилиши табиий, албатта. Нима учун қолган уч ярим йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббусим билан воз кечяпман? Чунки ўзингиз кўриб турибсиз, асосий қонунимизга мувофиқ, биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда», — деди давлат раҳбари.

У янгиланган Конституция президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўйганини таъкидлади.

«Учинчидан, халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда. Тўртинчидан, дунёда ва минтақамизда кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда», — деди президент.

Эслатиб ўтамиз, 6 май куни Сайлов кодексига президент, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари сайловларини муддатидан илгари ўтказиш бўйича қўшимчалар киритилди.

Президент муддатидан илгари Ўзбекистон президент сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов ушбу кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда икки ой ичида ўтказилади.

Қонунчилик палатаси президент томонидан тарқатиб юборилган тақдирда, сайлов уч ой ичида ўтказилади. Қонунчилик палатаси ўзини ўзи тарқатиб юборганда эса, сайлов икки ой ичида ўтказилади. Сенат президент томонидан тарқатиб юборилган тақдирда, Сенат аъзоларининг сайлови уч ой ичида, Сенатнинг ўзи томонидан тарқатилса, бир ой ичида ўтказилади.

Шавкат Мирзиёев «бундан буён ҳам давлат ва жамият ҳаёти, бугунги ва келгуси тараққиётига оид ҳар бир масала бўйича фақат ва фақат донишманд, бағрикенг халқ билан бамаслаҳат иш олиб борилишини» қайд этди.

«Асосий қонунимизда халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи, деб бежиз ёзилмаган. Шу нуқтаи назардан, янгиланган давлат ҳокимияти тизимида халқимиз, яна бир бор айтаман, фақат халқимиз ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқ. Ўйлайманки, бугунги мавжуд шароитда бу энг тўғри ва адолатли қарор бўлади», — деди президент.

«Сайловлар қонунга тўла мувофиқ ҳолда, очиқ ва ошкора тарзда ўтказилиши қайд этилди. Бунда сиёсий партиялар, президентликка номзодлар юртимиз тинчлиги ва унинг равнақига, халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишига ишонч билдирилди», — дея тадбирдан хабар берди президент матбуот котиби.