8 май куни Ўзбекистон қонун ҳужжатларига, жумладан, Сайлов кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги конституциявий қонун кучга кирди.

Қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин Сайлов кодексининг 66-моддаси (Муддатидан илгари президент сайлови):

Президент муддатидан илгари Ўзбекистон президент сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов ушбу кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда икки ой ичида ўтказилади. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Кодексда 74−1-модда (Қонунчилик палатаси депутатларининг муддатидан илгариги сайлови) ҳам ўрин олган. Унда айтилишича, Қонунчилик палатаси президент томонидан тарқатиб юборилган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлови ушбу кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда уч ой ичида ўтказилади. Қонунчилик палатаси томонидан ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлови ушбу кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда икки ой ичида ўтказилади. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Кодекс 87−1-моддани (Сенат аъзоларининг муддатидан илгариги сайлови) ҳам ўз ичига олади. Сенат президент томонидан тарқатиб юборилган тақдирда, Сенат аъзоларининг сайлови ушбу кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда уч ой ичида, Сенатнинг ўзи томонидан тарқатилса, бир ой ичида ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Конституциянинг янги таҳририга кўра, президент давлат раҳбари учун муддатидан олдин сайловлар ўтказиш, парламент эса ўз-ўзини тарқатиб юбориш ҳуқуқини олди.