Тошкент шаҳрида ҳуқуқий эксперимент тариқасида виртуал касса билан қамраб олинган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида нақд пул ечиш хизматини кўрсатиш амалиёти жорий этилмоқда. Бу ҳақда президентнинг 9 мартдаги қарорида айтилган, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Тажриба 2023 йил 1 майгача давом этади ва дастлабки босқичда у Korzinka супермаркетлар тармоғида (республикадаги 100 дан ортиқ супермаркетлар) амалга оширилади. Нақд пул олиш учун воситачилик ҳақи 0,5 — 0,8% миқдорида белгиланиши режалаштирилган. Таққослаш учун, банкоматларда нақд пул ечиб олиш учун комиссия 1% ни ташкил қилади.

Korzinka PR-менежерининг «Газета.uz»га қўшимча қилишича, айни вақтда бу жараённи йўлга қўйиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Жараённи синов режимида ишга тушириш куни ҳақида алоҳида хабар берилади.

Кэшаут — карта эгаларига дўкон кассасида пул ечиб олиш имконини берувчи хизмат.

Виртуал касса бу — фискал модулни улаш, фискал ҳужжатларни яратиш ва уларни реал вақт режимида фискал маълумотлар операторига ўтказишни таъминлаш имкониятига эга бўлган, чекларни қоғозда чоп этиш ёки уларни электрон шаклда жўнатиш функциясига эга бўлган дастурий маҳсулот ва уларнинг комплекслари.