3 май куни Берлин шаҳридаги Бельвю саройида Шавкат Мирзиёев ва Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Президентлар Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик «мисли кўрилмаган суръатда» ривожланиб бораётганини билан қайд этди. Фаол сиёсий, гуманитар ва ишбилармонлик мулоқотлари давом этмоқда. Томонлар нуфузли халқаро институтлар, шу жумладан, БМТ доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Икки томонлама муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқиш муҳимлиги юзасидан якдил фикр билдирилди.

Франк-Вальтер Штайнмайер, Шавкат Мирзиёев, берлин, германия

Президентлар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқдилар, амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олди.

Жумладан, кейинги йилларда товар айирбошлаш ва қўшма лойиҳалар сони икки баробар ошди. Иқтисодиётда Германия инвестициялари ҳажми 5,5 миллиард еврони ташкил этмоқда, шундан 4 миллиард евро охирги бир неча йилда жалб қилинган.

Франк-Вальтер Штайнмайер, Шавкат Мирзиёев, берлин, германия

Президентлар умумий қиймати 9 миллиард евродан зиёд бўлган савдо шартномалари ва инвестиция-технология битимлари имзоланиши билан якунланган ишбилармонлик тадбирларининг натижаларини олқишлади.

Берлинда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланмоқда. Шу маънода, Германия минтақадаги ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини, шу жумладан, Евроиттифоқнинг «Глобал дарвоза» ташаббуси доирасида қўллаб-қувватлашга тайёрлиги таъкидланди.

Томонлар минтақада, шу жумладан, Афғонистондаги вазиятни инобатга олган ҳолда хавфсизликни таъминлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш борасидаги шерикликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини билдирди.

Франк-Вальтер Штайнмайер, Шавкат Мирзиёев, берлин, германия

Афғон халқига манзилли гуманитар ёрдам кўрсатиш, бунда чегараолди Термиз шаҳрида яратилган замонавий инфратузилма имкониятларидан ҳам фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.

Маданий-гуманитар алмашинув масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Етакчилар Берлин шаҳрида Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросига бағишлаб ноёб кўргазма очилаётганидан мамнунлигини билдирди.

Ўзбекистонда немис тилини ўрганиш бўйича комплекс дастурни тайёрлаш, шу жумладан, мамлакат ҳудудларида Гёте институти фаолиятини кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.

Франк-Вальтер Штайнмайер, Шавкат Мирзиёев, берлин, германия

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Франк-Вальтер Штайнмайерни мамлакатга ташриф билан келишга таклиф этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Берлинда Германия федерал канцлери Олаф Шольц билан музокаралар ўтказганди. Ташриф давомида турли соҳаларга оид 16 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланган.