Самарқандда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқлик бўйича «Барқарор ўсиш учун глобал дарвоза» халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Тадбирда чиқиш қилган Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати масалалари бўйича олий вакили Жозеп Боррель ўз нутқида тушунарли ва шаффоф қоидаларга асосланган халқаро тартиб одамлар ва компаниялар инвестицияларининг хавфсизлиги ва эркинлигини таъминлаш имконини беради.

«Агар биз халқаро қонун устуворлигини йўқотгудек бўлсак, юзага келадиган беқарорлик оқибатида шу вақтгача эришганларимизнинг баридан мосуво бўлишимиз хавфи бор. Ҳозирда хавф остида бўлган нарсаларимизни ҳимоя қиларканмиз, айни вақтда янги чақирувларга ҳам дош бера олиш учун ўзгаришимиз ҳам керак», — деди у.

«Европаликлар ва Марказий Осиё аҳолиси чақирувлар, таҳдидлар қаршисида бирлашмоқда. Биз пандемиядан кейинги дунёда яшаяпмиз, аммо жамиятларимиз ўртасида аввалгидан ҳам кучлироқ бўлган алоқаларни қурмоқдамиз ҳамда уч хил — энергетика, озиқ-овқат ва қарз инқирозига сабаб бўлаётган Россиянинг Украинага ҳарбий агрессияси оқибатларини бартараф этишга уринмоқдамиз», — деди Европа дипломатияси раҳбари.

«Биз ушбу таҳдидларни кўрмасликка ололмаймиз. Баъзилар тўсиқлар қуриб, уларнинг ортига яшириниб олишга уринмоқда. Биз эса аксинча ҳаракат қилиш кераклигини биламиз. Деворлар ҳеч қачон лозим даражада баланд бўлмайди, ўз қобиғига ўралган ҳолда хавфсизликка интилишлар муваффақиятсизликка учраши тайин. Бунинг ўрнига биз баҳамжиҳат ишлаб, шу йўл билан халқаро қонун устуворлигини ҳимоя қилишимиз керак, чунки у бизнинг умумий хавфсизлигимиз гаровидир. Халқаро қонун устуворлигисиз савдо ўсмайди ва инвестициялар келмайди. Халқаро қонун устуворлигисиз биз ҳаммамиз хавфлардан холи бўла олмаймиз», — дея қайд этиб ўтди Жозеп Боррель.

У Европа Иттифоқини Марказий Осиё ҳудудлари билан янада барқарор ҳамкорликни ривожлантиришига туртки бераётган жиҳатларга эътибор қаратди.

«Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз каби, биз ҳам Европада ким билан алоқа қилиш эркинлигига эга бўлиш учун стратегик автономия йўналишида олға қадам ташлашни хоҳлаймиз. Ҳаддан ташқари боғлиқлик ва танловсизлик жуда қимматга тушади. Буни биз бугун Европада нафақат энергетика хавфсизлигимиз масаласида, балки бошқа ҳаётий муҳим соҳалар — рақамли инфратузилмалар, хавфсизлик архитектураси, шунингдек, озиқ-овқат етказиб бериш ва энг зарур хомашё материаллардан фойдаланиш масалаларида ҳам аниқ-тиниқ кўриб турибмиз. Бу масалалар бундан кейин ҳам Европада борган сари муҳим аҳамият касб этаверади», — деди Боррель.

«Ҳамкорларимизда ҳам стратегик автономияга эришиш истаги бор. Биз буни ҳурмат қиламиз ва Марказий Осиёдаги ҳамкорларимизнинг тарихий ё жуғрофий ўзига хосликлардан қатъи назар бирор бир халқаро ҳамкорга муте бўлиб қолмаслик истаги табиий эканини тан оламиз. Биз Марказий Осиёдаги дўстларимизда танлов эркинлиги бўлишини қўллаб-қувватлаймиз», — деди Европа дипломатиясининг раҳбари.

«Шу билан бирга, биз ушбу алоқа вариантлари эксклюзив бўлмаслиги кераклиги ҳақидаги қарашларни ҳам маъқуллаймиз, — деди у. — Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик тўғрисида сўз юритарканмиз, бу бошқа алоқалар ҳисобига бўлмаслиги керак. Аксинча, бу боғлиқлик барчамизни боғлаб турадиган нисбатан каттароқ тармоқ доирасидаги алоқаларни мустаҳкамлаши ва тўлдириши керак».

Жозеп Боррелнинг таъкидлашича, Европа тўғридан-тўғри инвестицияларнинг жаҳон бўйича биринчи рақамли манбаси ҳисобланади.

«Шубҳасиз, биз Марказий Осиёдаги энг катта инвестормиз. Сўнгги 10 йил давомида Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Марказий Осиё мамлакатларига 105 млрд евродан ортиқ инвестиция киритган, бу минтақага киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар умумий миқдорининг 40 фоизидан кўп. Бу Россия ва Хитой киритаётган инвестициялар миқдоридан кўп. Биз бундан ҳам кўпроғига тайёрмиз», — деди ЕИ олий вакили.

Ўз чиқиши якунида Жозеп Боррель Europe Team’нинг тақдимоти конференция давомида ўтказиладиган икки ташаббуси ҳақида маълумот берди.

«Сув, энергетика ва иқлим ўзгаришлари бўйича ташаббус Марказий Осиёда сув ва энергетика ресурсларини барқарор бошқаришга, шунингдек, экологик ва иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга кўмак беради», — деди у.

«Рақамли ўзаро боғлиқлик бўйича ташаббус эса Марказий Осиёнинг сунъий йўлдош алоқаси воситасида глобал интернетдан фойдаланиш имкониятларини оширади», — дея маълум қилди Жозеп Боррель.