Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни Берлинга борди. Ташриф ушбу мамлакат федерал канцлери Олаф Шольц билан музокаралардан бошланди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашувда ўзаро товар айирбошлаш ва қўшма лойиҳалар сони 2 баробар ортгани таъкидланди. Германиядан Ўзбекистонга инвестициялар ҳажми 5,5 миллиард долларга етди, шундан 4 миллиард доллар охирги 6 йилда жалб қилинган.

Германия ҳукумати Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишини ҳамда Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имкон қадар тез имзолашини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди.

германия, олаф шольц, ташриф, шавкат мирзиёев

Сиёсий мулоқотни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Томонлар ташриф чоғида Кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида Ҳукуматлараро декларация имзоланишини олқишлади. Уни ташқи ишлар вазирлари Бахтиёр Саидов ва Анналена Бербок имзолади.

Музокаралар чоғида «Германия — Марказий Осиё» форматида мулоқот майдонини ишга туширишга келишиб олинди.

Минтақада, шу жумладан, Афғонистондаги вазиятни инобатга олган ҳолда хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу мамлакат учун гуманитар лойиҳаларни давом эттириш, шу жумладан, Термиздаги логистика мажмуаси ва Афғон ёшлари учун таълим маркази имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Транспорт в логистикани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган самарали йўналишни шакллантиришга хизмат қилувчи Транскаспий йўлагини биргаликда ривожлантириш бўйича якдил фикр билдирди.

Маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кун тартиби бой экани қайд этилди. Германия томони шу кунларда Берлин шаҳрида Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишлаб очилаётган ноёб кўргазмани юқори баҳолади.

Ўзбекистонда немис тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди. Германия ҳукумати мамлакат ҳудудларида немис тилини ўқитишни кенгайтиришга техник кўмак кўрсатиши тўғрисида келишиб олинди.

германия, олаф шольц, ташриф, шавкат мирзиёев

Ташриф доирасида иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновация соҳаларида 16 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланди.

Шунингдек, Берлинда бўлиб ўтган қўшма бизнес-форум юксак баҳоланди. Унинг якунида умумий қиймати 9 миллиард долларлик савдо, инвестициявий ва технологик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.

«Яшил» энергетика, қазиб чиқариш, кимё, фармацевтика тармоқларида, транспорт инфратизулмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, инновация ва бошқа соҳалардаги кооперация лойиҳалари шулар жумласидан.

Германия компанияларининг Ўзбекистондаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «KfW», «Deutsche Bank» банклари ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан кенг кўламли шерикликни ривожлантиришга келишиб олинди.