29 апрель куни «Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги президент фармони [ПФ-63-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Фармонга кўра, 2023 йил 1 июлдан:

  • ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка суддан ташқари тартибда қаратилганда гаров объектини «E-auksion» электрон савдо платформасида аукционга кредиторнинг ёки қарздорнинг буюртмаси асосида қўйишга рухсат этилади;
  • ҳисоб-китоб ва кредит муносабатларидан келиб чиқадиган асослар бўйича қарзни ундириш учун нотариуслардан ижро хати олишда тижорат банклари олдидаги қарзни икки томонлама тасдиқловчи солиштириш далолатномаси талаб этилмайди.

2024 йил 1 январдан қуйидагилар жорий этилади:

  • тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари жараёнида кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қаноатлантиришда уларга мутлақ устунлик бериш;
  • гаровга қўйилган мол-мулкни такрорий аукционда сотиш мумкин бўлган энг паст нархни аукцион объекти бошланғич нархининг 80 фоизи миқдорида белгилаш. Бунда, мол-мулк такрорий аукционда реализация қилинмаса, ундирувчига ушбу мол-мулкни аукцион бошланғич нархидан 25 фоиз паст қийматда ўзида қолдириш таклиф қилинади;
  • ундирув қаратилган гаровга қўйилган мол-мулкнинг очиқ кимошди савдосида сотилишини гаровга қўювчининг илтимосига асосан кечиктирилишига йўл қўйилмаслиги;
  • қарздорнинг ихтиёрий равишда тугатилиши жараёни бошланиши муносабати билан давлат ижрочиси томонидан ижро ишини тамомлаш ҳамда мол-мулкни тасарруф қилишга доир чекловларни олиб ташлаш амалиётини бекор қилиш.