Сўнгги ҳафталарда Россия компаниялари Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш мақсадида қозоғистонлик ҳамкорларига энг зарур товарларни импорт қилишда ёрдам сўровлари билан кўмиб ташлади. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Агентликка номини ошкор қилишни истамаган етти манбанинг маълум қилишича, улар Қозоғистоннинг Россия билан қуруқликдаги чегараси орқали подшипниклар ва самолёт қисмларидан тортиб, нодир металларгача бўлган барча нарсаларни олиб ўтишда ёрдам сўраб Россиядан сўровлар кўпайганига гувооҳ бўлишган.

Улардан икки нафари сўровлар кўпайишини Туркиянинг Россияга санкциялар транзитини тўхтатгани билан изоҳлади. Бошқалар эса Ғарбнинг янги санкцияларига ишора қилишмоқда.

Қозоғистонлик тадбиркорлардан бирининг айтишича, унга Австралиядан юк машинаси юкланган нодир металларни олиб ўтишда ёрдам бериш учун 1 млн доллар таклиф қилинган.

Руслар жуда катта харид рўйхатига эга, дейди манбалар, бу рўйхат саноат ускуналари, темир йўл подшипниклари, илғор электроника, радиотехника, турбиналар, самолёт қисмлари, хомашё ва ҳаттоки банк карталари учун материаллардан таркиб топган. Баъзи рус фирмалари санкцияланган товарларни етказиб бериш учун узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилишган.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен шу ой минтақага қилган ташрифи чоғида Марказий Осиё давлатларини санкцияларни қўллаб-қувватлашга чақириб, бунинг зарарини қоплашда ёрдамлашишга ваъда берди. Аммо Блинкеннинг ташрифи арафасида журналистлар билан суҳбатда бўлган марказий осиёлик расмийнинг айтишича, ҳукуматлар савдогарларнинг Россияга товарларни реэкспорт қилишини тўхтатиш учун ҳеч қандай чора кўра олмайди, деб ёзади Reuters.

Россия Қозоғистоннинг энг йирик савдо шериги бўлиб қолмоқда. Қозоғистоннинг Россияга экспорти ўтган йили чорак баробарга ўсди ва 8,8 млрд долларни ташкил этди. Расмий статистик маълумотларга кўра, подшипниклар экспорти икки баравар кўпайиб, 111 млн долларни ташкил этди.

Россияда ишлаб чиқариш ёки етказиб беришда муаммолар юзага келаётган пластик қувурларнинг айрим турлари экспорти ўтган йили уч баробардан кўпроққа ошиб, 12 млн долларни ташкил этди.

Шу билан бирга, Қозоғистон Европа давлатлари ва Тайвандан компьютерлар импортини кескин оширди. Бунда уларнинг қанчаси кейинчалик Россияга реэкспорт қилингани номаълум. Манбаларга кўра, бундай ҳолатларда қарийб ҳеч қандай қонун бузилмайди. Кўпинча мураккаб маҳсулотлар санкцияга киритилган компонентларни ўз ичига олади, бироқ уларнинг ўзлари тақиқланмаган. Савдо ҳажми ошгани сабабли қозоқ божхонаси тўлиб кетган, дея қўшимча қилди улар. Яна бир манбанинг айтишича, Россия банклари банк карталарини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва пластмассаларни Қозоғистон орқали импорт қилмоқда.

Бироқ бу бизнес қўшимча харажатлар билан бирга келади. Россияга товарларни қайта сотаётган қозоғистонлик ишбилармонлар одатда 12% ҚҚСни қайтариб олиш ҳуқуқига эга, бироқ «шубҳали нарсаларни» олиб ўтаётганлар бутун таъминот занжирини хавф остига қўймаслик учун бунга мурожаат қилмайди, деди тадбиркорлардан бири.

Аввалроқ ЕИ илғор Европа технологиялари ва Россия Украинада ҳарбий мақсадларда фойдаланиши мумкин бўлган бошқа товарлар импортини кескин оширган давлатларга мурожаат қилишни режалаштираётгани ҳақида ёзган эдик. Туркия, БАА, Қозоғистон ва Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳақида гапириш мумкин.