Қозоғистон апрель ойидан бошлаб Россияга реэкспорт қилиш учун мамлакат орқали ўтадиган товарларни кузатишни бошлайди, деб хабар қилди Financial Times қозоғистонлик юқори лавозимдаги амалдорга таяниб.

Манбага кўра, 1 апрелдан ишга тушириладиган янги онлайн восита «чегарадан чегарагача бўлган товарлар ҳаракати занжирини реал вақт режимида кузатиш имконини беради».

«Иккиламчи санкциялар хавфини тушуниб турибмиз, шунинг учун барча ҳамкорлар билан ўзаро савдомизни диққат билан кузатиб борамиз», — дейди расмийлардан бири. У, шунингдек, Қозоғистон реэкспорт хавфини камайтириш устида доимий иш олиб бораётганини қўшимча қилди.

FT таъкидлаганидек, ушбу чоралар Ғарбнинг хорижий компания ва жисмоний шахсларнинг Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам беришига йўл қўймаслик истаги фонида амалга оширилади.

Қозоғистон Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, унинг Россияга экспорти 2022 йилда ундан олдинги йилга нисбатан 25 фоизга ошган. Хусусан, Қозоғистондан 2021 йилда кир ювиш машиналари экспорт қилинмаган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич қарийб 100 мингтага етган.

Аввалроқ Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб, сўнгги ҳафталарда Россия компаниялари санкцияларни четлаб ўтиш учун Қозоғистондаги ҳамкорларини зарур товарларни импорт қилишда ёрдам сўровлари билан кўмиб ташлагани ҳақида ёзганди. Гап турли маҳсулотлар — телефонлар, электроника, нодир металлар, банк карталари учун материалларни етказиб бериш ҳақида бормоқда.

Шу билан бирга, Bloomberg аввалроқ ёзганидек, Европа Иттифоқи илғор Европа технологиялари ва Россия Украинада ҳарбий мақсадларда фойдаланиши мумкин бўлган бошқа товарлар импортини кескин оширган давлатларга мурожаат қилишни режалаштирмоқда. Гап Туркия, БАА ҳамда Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.