БААнинг Abu Dhabi Sewerage Services Company (ADSSC) компанияси 2024 йил январь ойида Тошкент учун янги оқова сувларни тўплаш ва тозалаш иншооти қурилишини бошлашни режалаштирмоқда, деб хабар қилди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Пойтахт ҳоким в.б. Шавкат Умурзоқов ва компания мутасаддилари ушбу қурилиш масаласини муҳокама қилди.

ADSSC компаниясининг сотувлар бўйича ижрочи директори Абдулваҳоб ал-Шариф ҳокимлик масъулларига Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманининг «Сурум» МФЙ ҳудудида барпо этилиши режалаштирилган Оқова сувларни йиғиш ва тозалаш иншоотининг дастлабки лойиҳасини тақдим этиб, уни такомилига етказиш учун баъзи техник ва ташкилий-ҳуқуқий масалаларни биргаликда ҳал этиш лозимлигига эътибор қаратди.

Маълум қилинишича, 2 босқичли лойиҳа суткасига 1,5 млн метр куб (олдинги миқдор 1 млн метр куб) чиқиндиларни тўплаш ҳамда тозалаш имконини беради.

Abu Dhabi Sewerage Services Company, тошкент

Слайдга кўра, томонлар канализация тизимининг асосий қисмлари, «Салар» ва «Бектемир» тозалаш иншоотларини янги «Сурум» иншоотига улаш имкониятларини муҳокама қилган. Фото: Тошкент шаҳри ҳокимлиги.

«Ўзсувтаъминот» АЖ билан биргаликда амалга ошириладиган бу лойиҳа фақатгина тозалаш иншоотини қуришни эмас, балки ҳозирда мавжуд тозалаш иншоотларига йўналтирилган барча марказий қувурларни интеграция ва модернизация қилишни назарда тутиши хабар қилинмоқда.

«Бу бўйича ҳам намунавий, камчиқим ва амалга оширилиши қисқа вақт талаб этадиган таклифлар тайёрланган. Лойиҳа мукаммал бўлиши учун топографик съёмка, шаҳар аҳолисининг ўсиш прогнози каби қатор маълумотлар керак. Режага кўра, 2024 йилнинг январидан иншоот қурилиши бошланади», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Шавкат Умурзоқов ҳамкорларни қизиқтирган саволларга тегишли ташкилотлар масъуллари томонидан қисқа муддатда зарур маълумотлар етказиб берилишини билдирди. Ўз навбатида, бу лойиҳа Тошкент шаҳри учун ниҳоятда долзарб эканига эътибор қаратиб, уни имкон даражада тез муддатда сифатли амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Ҳоким Янги Тошкент ҳам шу тизимга уланишини билдириб, ундаги объектлар фойдаланишга топширилгунига қадар инфратузилма тайёр бўлиши муҳимлигини айтиб ўтди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил июнь ойи охирида пойтахтнинг Янгиҳаёт, Сергели ва Бектемир туманларида оқова сувларни тозалаш учун қуввати кунига 1 миллион куб метр бўлган янги оқова сув тозалаш иншоотини қуришни таклиф қилган эди.

2021 йил декабрь ойида сенатор Борий Алихонов Тошкент шаҳридаги канализация тизими ўз қуввати чегарасида (99 фоиз) ишлаётгани ҳақида маълум қилган, шунингдек, тозалаш иншоотлари самарадорлиги пастлигини қайд этган. Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев президентга қўшимча қуввати суткасига 200 минг куб метр бўлган янги тозалаш иншооти қурилиши лойиҳаси тақдим этилганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, оқова сувлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш бўйича Франциянинг Suez компанияси билан шартнома имзоланган.

2022 йил ноябрь ойида Abu Dhabi Sewerage Services Company билан қуввати кунига 1 миллион куб метрдан ортиқ бўлган оқова сувларни тозалаш иншоотини қуриш бўйича шартнома имзоланган. Хабар берганимиздек, мазкур иншоот «КНС-3» канализация насос станциясига кирадиган оқова сувларни «Бектемир» ва «Бинокор» оқова сувларини тозалаш иншоотларига бирлаштириш орқали қабул қилиш имконини беради. Натижада кунига жами 55,4 кВт электр энергиясини тежашга эришилади.

Қайд этилишича, лойиҳанинг биринчи босқичи якунлангач, Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларидаги 400 мингдан ортиқ аҳоли, шунингдек, корхона ва ташкилотлар марказлаштирилган канализация тармоғи билан қамраб олинади.