«Кўксарой» қароргоҳида ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Туркманистон музокаралари якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов Қўшма баёнот имзоладилар. Унда эришилган асосий келишувлар мустаҳкамлаб қўйилган ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича узоқ муддатли вазифалар белгиланган.

Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари томонидан битимлар имзоланди. Жами 19 та ҳужжатга имзо чекилди, шулар жумласидан:

  • Транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида битим;
  • Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Амударё сув ресурсларини бошқариш, муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисида битим;
  • Ташаббусли илмий-тадқиқот лойиҳаларининг қўшма танловини ўтказиш тўғрисида битим;
  • 2022−2025 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастури;
  • 2022−2024 йилларга мўлжалланган илмий-техник ҳамкорлик тўғрисида дастур;
  • 2023−2024 йилларга мўлжалланган ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури;
  • Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо зонаси — Савдо марказини ташкил этиш ва фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги Ҳукуматлараро битим қоидаларининг амалий ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси.

Шунингдек, кимё тармоғи, божхона, темир йўллар, музейлар, адлия, ёшларга доир сиёсат, телерадиоэшиттириш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик юзасидан қатор ҳужжатлар имзоланди.

Туркманистон етакчиси билан учрашув якунлари бўйича Шавкат Мирзиёев жумладан шундай деди: «Бугун биз Сердар Гурбангулиевич билан мазмунли, очиқ ва батафсил музокаралар ўтказдик, улар, шубҳасиз, ҳамкорлигимизни янги, янада юқори даражага олиб чиқади, — деди Президентимиз. — Биз икки томонлама кун тартибидаги барча долзарб масалаларни ҳар томонлама муҳокама қилдик. Ҳамкорликнинг бугунги ҳолати юзасидан фикр алмашдик, бу борада катта ютуққа эришилганини қайд этдик. Сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика ва гуманитар йўналишларда биргаликдаги ишимизнинг устувор жиҳатларини белгилаб олдик».

Давлат раҳбари Туркманистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ўзгармас устувор йўналиши эканини қайд этди. Марказий Осиёда минтақавий жараёнлар ва кўп томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши минтақадаги барча мамлакатларнинг тараққиёти ва равнақига хизмат қилиши таъкидланди, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Президентлар ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши мақсадида бундан буён ҳам биргаликда ҳаракат қилишга тайёрлигини билдирдилар.

БМТ, МДҲ, ИҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида фаол мулоқотлар ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистон президенти Туркманистон томонини Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда кўрсатган фаол кўмаги учун миннатдорлик билдирди.

Давлат раҳбари туркманистонлик ҳамкасбини Самарқандда ўтказиладиган ШҲТнинг навбатдаги саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этишга таклиф этди.

«Кўп қиррали Туркманистон-Ўзбекистон муносабатлари бугун жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон бизнинг муҳим сиёсий ҳамкоримиздир. Бугун савдо-иқтисодий шериклик масалалари батафсил муҳокама қилинди, уни кенгайтириш ва диверсификация қилишга иккала томон ҳам тайёр экани тасдиқланди», — деди Сердар Бердимуҳамедов.

Якунда давлат раҳбарлари кенг кўламли стратегик шерикликни ривожлантириш ва кенгайтириш, уни сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитиш, биродар мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ва равнақи йўлида аниқ ва самарали натижаларга эришишга қатъий интилишларини таъкидладилар.

Фото