7 апрель куни Сенат «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар матнини маъқуллади. Энг муҳим ўзгариш, шубҳасиз, 2025 йил бошига қадар, яъни 20 ой ичида банк капиталининг минимал миқдорига қўйиладиган талабларни 100 млрд сўмдан 500 млрд сўмгача ошириш бўлади.

Avesta Investment Group ҳисоб-китобларига кўра, жорий маълумотлар бўйича 5−7 та банк акциядорлар ёрдамисиз фақат фойда ҳисобига капитални белгиланган даражага кўпайтириш билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши мумкин — тақчиллик 2024 йилнинг апрель ойида қарийб 1 трлн сўм, 2025 йил бошида эса қарийб 1,9 трлн сўмни ташкил этади.

Бундан ташқари, бозорда ҳали иш бошламаган янги ташкил этилган необанклар (фақат онлайн маконда ишлаётган) бу муаммони қандай енгишини кузатиш қизиқ бўлади — буни таъсисчиларнинг қўшимча сармояларисиз амалга ошириб бўлмаслиги аниқ. Бу таъсисчилар ёқимли сюрприз бўлмаслиги яққол кўриниб турибди — кўрсатилган миқдорни фаол ривожланиш билан қисқа вақт ичида ўзлаштириш мумкинлигига қарамай, ҳар қандай тижорат лойиҳасининг асосчилари юқори рентабелликка эришиш учун керакли капитални минималлаштиришга ҳаракат қилишади.

Бундан ташқари, банклар капиталига қўйиладиган талабларга риоя қилган ҳолда, суғурта компанияларига қўйиладиган талаблар ҳам катта эҳтимол билан оширилади. Афтидан, бу банклар ва суғурта компанияларини назорат қилишнинг энг самарали усули эмас ва капиталнинг етарлилиги, ликвидлилик, активлар сифати, рисклар концентрацияси кўрсаткичларига риоя этилиши, аффилланган келишувлар устидан назоратни янада кучайтириш, захираларни яратиш ва бошқалар янада самаралироқ ёндашув бўлиши мумкин эди. Ўшанда кичик хизматлар ва мижозларга эга бўлган майда банклар капитални кўпайтиришга ва уни филиалларнинг асосий бўлмаган активларига «бириктиришга», аффилланган қарзлар орқали капиталнинг сунъий инфляциясига, активларни асоссиз қайта баҳолашга, фойда ўсиши учун захираларни кам баҳоламасликка ва бошқа операцияларга йўл қўймайди. Акс ҳолда бу рискларни оширади ва Марказий банк унга қарши курашишга ҳаракат қилади.

Масалан, яқиндагина иккита банк етарли капиталга эга бўлишига қарамай, лицензиясидан маҳрум қилингани ва омонатчиларга зарар етказилгани ёдимизда, аксинча, бир неча йил давомида капитали 100 млрд сўмдан кам бўлган, бироқ шу билан бирга, мижозларга фаол хизматларни кўрсатмаётган «Ўзагроэкспортбанк» хотиржамлик билан, лицензиясини йўқотмаган ҳолда янги инвесторга сотилгунга қадар «яшай олди».

Бу қарорнинг асоси ҳам савол туғдиради — мисол тариқасида Россия (164 млрд сўм), Қозоғистон (240 млрд сўм), Беларус (260 млрд сўм) ва Хитой (1,77 трлн сўм) каби мамлакатларда капитал миқдорига қўйиладиган талаблар келтирилади. Бироқ, масалан, ушбу давлатларда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот Ўзбекистонникидан 3,5−6 баравар юқори. Қолаверса, ушбу мамлакатларнинг барчасида банк тизими Ўзбекистонникига қараганда анча тараққий этган ҳамда тезроқ ривожланган, янги ўйинчиларнинг кириб келиши, бозорни маҳсулотлар билан тўлдириш ва ҳоказолар учун бозорда чегараларнинг паст бўлиши мантиқан тўғри келади.

Демак, агар Ўзбекистонда ҳар 1 миллион аҳолига 1 тадан кам банк тўғри келаётган бўлса, Беларусда — 1,2, Қозоғистонда — 2,3, Хитойда — 3,3, Россияда — 8,6, АҚШда эса 15 та атрофида тўғри келмоқда. Шу билан бирга, капитал талабларини қўшни давлатларникига қараганда икки баробар кўпроққа, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 6 баравар, аҳолиси эса қарийб 40 баравар кўп бўлган Хитой талабларидан паст бўлган даражада ошириш ҳам таклиф этилмоқда.

Капиталга бўлган талабларнинг ошишини, аксинча, Марказий банкнинг банк секторини назорат қилиш бўйича ўта консерватив талаблари, бозорни консолидация қилишни (бирлаштириш — тарж.) рағбатлантириш истаги (камроқ ўйинчилар — тўлиқроқ ва осонроқ назорат), бозорни ривожлантириш йўналишлари устидан назорат бўлиши учун янги ўйинчиларнинг бозорга киришидаги юқори чегарани ўрнатиш билан изоҳланса тўғрироқ бўлар эди.

Бу чора, гарчи баҳсли бўлса-да, юқорида тилга олинган мантиққа тўғри келса ҳам, бозор иштирокчилари учун тўлақонли аниқ бўлган тақдирда ҳам, (охир-оқибат Марказий банк консерватив бўлишга мажбур, шунчаки, қонунлар унинг талаблари билан ёзилмаслиги ва бозорни назорат қилиш эмас, балки ривожланиш мақсадларини назарда тутиши лозим) хорижлик инвесторларнинг бозорга киришидаги тўсиқ 15 йилдан буён иштирокчиларининг танқид ва таажжубларига сабабчи бўлмоқда, чекловлар бозорнинг ривожланишини тўхтатмоқда, молиялаштириш қийматини ошириб, аҳоли ва компанияларнинг қарз олиш имкониятларини мураккаблаштирмоқда. Мен бу ҳақда «Газета.uz» учун ёзган мақолаларимдан бирида (рус тилида) бу ҳақда ёзганмаган ва тафсилотларини такрорлаб ўтирмайман.

Ҳозир эса яна бир бор ҳужжатни тайёрлаган ёки президент имзолагунга қадар у билан иш олиб борадиган барчанинг эътиборини янада замонавийроқ шаклда қайта кўриб чиқишни хоҳлаган алоҳида ҳолатларга қаратишни истар эдим. Хабар қилинишича, «гап чет давлатлар ва халқаро институтлар томонидан тан олинган (!) хусусий банклар ҳақида кетаётган бўлса», уларга нисбатан чекловлар қўлланилмайди. Норезидентлар (жисмоний ва юридик шахслар) маҳаллий банкларнинг акциялари халқаро фонд бозорларида сотиб олинган бўлса, уларнинг эгаси бўлиш ҳуқуқини (!!) қўлга киритади. Бу халқаро бозорларда оммавий равишда жойлаштирилган акцияларни сотиб олишни осонлаштиради (!!!).

Ҳурматли Беҳзод Ҳамраев, сенаторлар, шунингдек, барча алоқаси борлар, умид қиламанки, ҳужжатнинг батафсил матнида қуйида бериладиган саволларга жавоб бор, бироқ ҳужжат парламент орқали ўтган бўлишига қарамасдан, қонун ҳужжатлари муҳокамаси порталида уни кўрмадик ва ҳаттоки ҳужжат матни профессионал муҳит билан, тушунишимча, муҳокама қилинмади. Ҳозирча эса бир қатор мулоҳазалар мавжуд:

! — «Тан олинган» дегани нимани англатади ва Ўзбекистондан ташқарида рўйхатдан ўтганлик гувоҳномасининг мавжудлиги тан олинган деб ҳисобланадими? Ёки лицензия бўлиши керакми? Ёки халқаро молия институтлари билан тузилган битимлар мавжудлигими? «Халқаро институтлар» нима — фақат молиявий ёки бирон бир саноат? Афтидан, халқаро институтларнинг иштирокчилари хусусий ташкилотлардан кўра кўпроқ ҳукуматлардир? «Мулкдор» нима ва ҳар қандай банкнинг биттагина акциясига эгалик қилиш ҳам «мулкдор» мақомини тасдиқлайдими ёки муайён чегара белгиланадими?

!! — Ушбу факт, модомики офшор тузилмаларга банклар акцияларига эгалик қилиш имкониятини бериш режалаштирилаётган экан, уларга бундай рухсат берилишининг қўрқинчли жойи йўқлигини тасдиқлайдими Демак, бутун муаммо маҳаллий бозорда харид қилишдами? Бу муносабатларда унинг нимаси ёмонроқ? Бошқариб бўлмаслигими? Бунақаси йўқ-ку, ахир, бутун дунё бўйлаб ўн миллионлаб инвесторларнинг ҳар бири халқаро бозорларда акцияларни сотиб олиш имкониятига эга бўлади ва уларнинг ҳаммаси ҳам маълумот алмашиш ҳамда тергов жараёнларига ёрдамлашиш бўйича ҳукуматлараро келишувларга эга эмас. Маҳаллий бозорда эса бу жуда чекланган доира бўлиб, у ҳам назорат қилувчи, ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учунгина очиқ. KYC/AML жараёнларининг номукаммаллигими (мижозларни шубҳали молиявий операциялар учун текшириш тартиблари)? Мен тўлиқ розиман, шунинг учун кўп марта халқаро брокер ва банклар комплаенсидан ўтган халқаро инвесторларни Ўзбекистондаги тегишли жараёнларсиз (ўта беўхшов, жуда кўп ҳужжат ва вақт талаб қилувчи ҳамда самарасиз) бозорга киритишни таклиф қилган эдим.

!!! — Демак, биз халқаро инвесторлар учун тартиб-қоидаларни соддалаштиришни фаол тарғиб қилмоқдамиз ва ташвишланяпмиз, аммо маҳаллий бозор учун бундай чора-тадбирларни амалга оширмаслик керакми? Капитал бозорини ривожлантириш бўйича кўплаб саъй-ҳаракатлар инвесторларнинг маҳаллий бозорга киришини кенгайтиришга, маҳаллий бозорни принципиал ривожлантиришга қаратилди, бунинг учун маҳаллий бозорда дастлабки листинг талаби жорий этилди. Бундай қарорни қабул қилишдан мақсад халқаро жойлаштириш бошланишидан олдин маҳаллий ва халқаро инвесторларни маҳаллий бозорга жалб қилишдан иборатдир, чунки ташқи бозорга чиқиши билан қимматли қоғозларнинг ликвидлиги ва нархи ошади ҳамда маҳаллий бозорга ким аввалроқ келса — хорижликлар ҳам, чет элликлар ҳисобидан даромад оладиган маҳаллий инвесторлар ҳам бундан яхшигина даромад кўради.

Янада аниқроғи, ташқи бозордаги иккиламчи айланма эндиликда компаниялар учун ҳеч қандай манфаат келтирмайди ва фақатгина халқаро брокерлар фойда кўради, ички бозорнинг мавжудлиги эса маҳаллий брокерлар, биржалар, аудиторлар, ҳуқуқшунослар ва бошқа тегишли мутахассисларга даромад олиш, шунингдек, билим, пул ва ноу-хауни мамлакатга трансфер қилиш имконини беради.

Шундай йўл билан, умуман қилиб маҳаллий бозор ҳозир ҳам ҳеч қандай сабабларсиз чекланган ва сиқилган бўлиб қолади, деган хулосага келишимиз мумкин (ахир халқаро бозорда офшорларга худди шу акцияларга киришни хоҳлашяпти-ку), бироқ барча фойда ва эътибор фақатгина халқаро жойлаштиришларга қаратилган. Шу билан бирга, маҳаллий бозорга фақатгина бошқа мамлакатлардаги банкларни назорат қилувчи стратегик инвесторларнинг киришига рухсат бериш режалаштирилмоқда — бу муаммо Марказий банк ва ҳукумат олдида айрим банкларни хусусийлаштириш бўйича музокаралар чоғида юзага келгани аниқ ва ҳаттоки, турли халқаро молия институтлари, ОТP-Bank, СовКомБанк ва бошқалар инвестиция киритиш учун офшорда стандарт SPV-компанияни ташкил эта олмагани ҳамда тўғридан-тўғри инвестиция йўлларини излашга мажбур бўлгани, бу эса ноқулайлик туғдириб, ортиқча харажатлар талаб қилиши ва кечикишларга сабаб бўлганидан шикоят қилишган.

Ва яна бир қўшимча — иккиламчи листинг бўлган тақдирда, майдончадаги нархлар турли хил бўлади. Агар майдончада акцияларнинг биридан иккинчисига эркин ҳаракатланиши (fungible dual-listing) бўлмаса, хорижий инвесторларнинг киришига чекловлар мавжуд бўлган шароитда уларни бир қўлдан иккинчи қўлга ўтиши имконсиз бўлади ва ушбу майдончада нархлар ликвидликдан пастроқ даражада бўлади. Бу ҳолат эса, шубҳасиз, маҳаллий бозорда рўй беради. Шундай қилиб, «халқчил IPO» орқали акцияларни сотиб оладиган маҳаллий чакана инвесторлар зарар кўради ва хорижлик инвесторлар олдида умидсиз вазиятга тушиб қолади.

Аҳолига йирик компаниялар, шу жумладан кўплаб банклар капиталида иштирок этиш имконияти сифатида «халқчил IPO«га тайёргарлик кўрилаётган бир вақтда, бундай ҳаракат ўта мантиқсиз ва қайғули кўринади.

Ачинарлиси, халқ сайлаган депутатлар яна фуқароларни унутиб, фақат меҳмонлар ва хорижликларнинг манфаатини ўйламоқдалар.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.