Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 7 апрель куни «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритишни маъқуллади. Ҳужжат ҳозирча давлат раҳбари томонидан имзолангани йўқ.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Эркин Гадоевнинг маълум қилишича, ўзгартиришлар 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар банкларнинг энг кам устав капиталини босқичма-босқич ошириш бўйича талабларни назарда тутади:

  • 100 млрд сўм — 2023 йил 1 сентябргача;
  • 200 млрд сўм — 2023 йил 1 сентябрдан;
  • 300 млрд сўм — 2024 йил 1 апрелдан;
  • 500 млрд сўм — 2025 йил 1 январдан.

Унинг сўзларига кўра, мазкур норманинг жорий этилиши пруденциал меъёрларни (банк ўзининг барқарор фаолиятини таъминлаш учун бажариши керак бўлган муҳим қадриятлар) халқаро стандартларга мувофиқлаштиради. Хусусан, гап банкларнинг тўлов қобилияти, ликвидлиги ва рентабеллиги учун етарли маблағ билан таъминлаш ҳақида бормоқда.

Сенатор бунга мисол сифатида халқаро тажрибани қайд этди. Масалан, Россияда банкларнинг белгиланган капиталининг минимал миқдори 1 млрд рубль (164 млрд сўм), Хитойда 1 млрд юань (1,77 трлн сўм), Қозоғистонда 10 млрд тенге (240 млрд сўм), Беларусда — 58, 1 млн беларус рубли (260 млрд сўм) ни ташкил этади.

Эркин Гадоевнинг айтишича, Ўзбекистондаги 34 та банкдан 15 таси устав капитали 500 млрд сўмдан ортиқ, 8 таси 200 млрд сўмдан 500 млрд сўмгача, 9 таси эса 200 млрд сўмдан кам.

Банкларнинг капиталлашув даражаси ва ресурс базасини ошириш соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 17 трлн сўмлик қўшимча кредитлар ажратиш учун қўшимча ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишини таъкидлади.

Бугунги кунда қонун ҳужжатларига мувофиқ, имтиёзли солиқ ҳамда молиявий операцияларни амалга оширишда шахсни ошкор қилиш ва маълумотларни тақдим этишни назарда тутмайдиган режим жорий этилган (офшор зоналар) давлат ёки ҳудудда рўйхатдан ўтган норезидентлар, иштирокчилар (акциядорлар) ва якуний бенефициар эгалари банкнинг таъсисчилари ва акциядорлари бўлиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, банк акцияларининг тўғридан-тўғри ёки билвосита эгалари норезидентлар — жисмоний шахслар, резидентлар ва якуний манфаатдор эгалари оффшорда рўйхатдан ўтган юридик шахслар, иштирокчилар (акциядорлар) бўлиши мумкин эмас.

Ўзгартиришлар ушбу чекловларни қисман олиб ташлайди. Эркин Гадоевнинг қайд этишича, чекловлар хорижий давлатлар ва халқаро институтлар томонидан тан олинган банк эгаларига келганда қўлланилмайди. Норезидентлар (жисмоний ва юридик шахслар) агар улар халқаро фонд бозорларида сотиб олинса, маҳаллий банкларнинг акциялари эгаси бўлиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу халқаро бозорларда очиқ жойлаштирилган акцияларни сотиб олишни соддалаштиради.

Сенатор Назира Мухторова ўз маълумотларига таяниб, фақат 11 та банкнинг устав капитали 500 млрд сўмдан ортиқ, 20 та банкнинг устав капитали эса 200 млрд сўмгача ёки ундан сал кўпроқ эканлигини айтди. У банклар ўз вақтида керакли капитални ярата оладими ва бу уларнинг молиявий аҳволига қандай таъсир қилишини сўради.

Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев 2019 йилдан бошлаб 100 млрд сўм миқдорида талаб киритилганини таъкидлади. Ўшандан бери Ўзбекистон иқтисодиёти номинал 2,1 баробар, ажратилган кредитлар қолдиғи 3 баробардан ортиқ ўсди.

«Иқтисодиёт кенгаймоқда ва катталашиб бормоқда, шу сабабдан биз банк тизими учун ўсиш бўйича маълум талабларни амалга оширишимиз керак… Дунёнинг ҳеч бир давлатида [устав капитали] қандай бўлиши кераклиги ҳақида аниқ қоида йўқ. Ҳар бир давлат ўз иқтисодиёти ва иқтисодий мақсадларидан келиб чиқади», — деди у.

Марказий банк раҳбари ўринбосарининг таъкидлашича, капитали 500 млрд сўмдан ортиқ бўлган банклар сони 11 та бўлишига қарамай, уларнинг бозордаги улуши 94,5−95 фоизни ташкил этмоқда. Қолган банклар билан уларнинг капиталини босқичма-босқич керакли қийматга етказиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Унинг сўзларига кўра, бу банкларнинг молиявий аҳволини яхшилайди ва қўшимча 15−17 трлн сўм кредитлар ажратиш имкониятини яратади.

Беҳзод Ҳамроев, шунингдек, бугунги кунда якуний бенефициарлари ва акциядорлари офшор зонада бўлган йирик банклар ҳам Ўзбекистон банк секторида қатнаша олмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ўзгартиришлар киритилмоқда, чунки охиригача барча якуний бенефициарларни аниқлаш мумкин эмас.

Мисол тариқасида у минглаб акциядорларга эга бўлган Венгриянинг OTP Bank томонидан «Ипотека-банк»нинг хусусийлаштирилганини келтирди, чунки унинг акциялари халқаро фонд бозорларида сотилади.

«Аммо OTP Bank`нинг ўзи офшор эмас. Ҳақиқатан ҳам ўз обрўси, нуфузи ва мақомига эга бўлган банк [Ипотека-банк]ни сотиб олади. Аммо банкнинг акциядорлари ва бенефициарлари орасида кимдир шундай зонада бўлиши мумкин. Шу боис, ҳозирги вазият ва воқеликдан келиб чиқиб, [талаблар] бироз юмшатилади ва имконият яратилади», — дея тушунтирди у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати «Ипотека-банк»даги давлат улушини 324 млн долларга сотган эди. Бу охирги йиллардаги энг йирик хусусийлаштириш битимидир.