Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати Андижон вилояти Избоскан тумани «Ойбек» маҳалласида камида 50−60 йиллик улкан дарахтлар кесиб ташлангани айтилган хабар юзасидан муносабат билдирди.

4 апрель куни туманнинг «Ойбек» маҳалласи «Миллий қадрият» кўчаси 17-уй ёнида экилган 3 туп чинор дарахтлари фуқаро И.М. ва бошқалар томонидан ҳеч қандай руҳсатсиз, ўзбошимчалик билан кесиб кетилган. Вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг хулосасига кўра, табиатга 131 миллион 400 минг сўмлик зарар келтирилган.

Вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан 12 апрель куни Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларини олиб бориш учун туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимига юборилган.

Хозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан олиб борилмоқда.