Тошкентда баҳор охиригача очилиши режалаштирилган Республика болалар кутубхонасининг очилиши кузга қолдирилди. Бу ҳақда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

«Бинонинг тарихий элементлари сақланиб қоладиган мураккаб реставрация ишлари олиб борилаётгани сабабли муддат кейинга сурилди. Биз янгиликлар қилишда давом этяпмиз, дейлик, устунлар билан бўлган жараён. Шулар ҳам иш вақтига таъсир қилмоқда», — дея тушунтирди жамғарма.

Бундан ташқари, асосий кириш эшиги олдидаги ички ҳовли ва кўчанинг бир қисмини реконструкция қилиш учун қўшимча вақт талаб қилинди, бу ишлар «йилнинг иссиқ кунларида жамоат ва китобхонлар учун мўлжалланган жойларни кенгайтиради». Кўча майдони, шунингдек, кутубхонани реконструкция қилиш лойиҳаси Санкт-Петербург архитектура бюроси Ludi Architects томонидан ишлаб чиқилган.

«Замонавий ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва кутубхонанинг тарихий архитектураси бир-бири билан ҳамоҳанг тарзда кўп функцияли масканни тақдим этади. Бу жойда сояда китоб ўқиб ўтириш ёки очиқ осмон остидаги тадбирларда қатнашиш мумкин», — дея таъкидлади жамғарма.

Хабарга кўра, архитекторларнинг лойиҳаси кўчадан бошланади. Бунда соя жойларда ўриндиқли майдон яратилади, дам олиш учун махсус жойлар (альков) пайдо бўлади. Мавжуд дарахтлар иқлим шароитига мос буталар, Ўзбекистон кўчатхоналаридаги гуллар ва ўсимликлар билан тўлдирилади.

«Кутубхона олдидаги ҳудудни ободонлаштиришдан асосий мақсад барча фуқаролар учун: ташриф буюрувчилар учун ҳам, шу ердан ўтиб кетувчилар учун ҳам қулай шароит яратишдир. Реконструкциядан сўнг жамоатчилик учун майдон кўчадан бошланади: шунчаки ўтиб кетиш ёки тўхтаб, у ерда вақт ўтказиш мумкин бўлади», — деди жамғарма ижрочи директори Гаянэ Умерова.

Жамғарманинг билдиришича, «янги макон шаҳар муҳитига ҳам таъсир кўрсатади: атрофда янги кафелар пайдо бўлади, китоб кўргазмалари, фестиваллар, концертлар ва оилалар учун байрамлар бўлиб ўтади. Яҳё Ғуломов кўчаси томондаги ҳудуд асосан шаҳар ҳудуди бўлиб, кутубхона ҳовлиси эса — ёпиқ, унга фақат ташриф буюрувчилар кира олади».

кутубхона, республика болалар кутубхонаси

Ҳовлининг ҳам ўқув зали, ҳам тадбирлар ўтказиладиган жой ёки китобхонлик ва ишлаш учун қулай ҳудуд бўлиши режа қилинган — Тошкент иқлими йилнинг аксарият қисмида очиқ ҳавода сайр қилиш учун қулай. Меҳмонларга қулайлик яратиш учун ҳудуд юмшоқ ўриндиқлар, скамейкалар ва розеткалар билан таъминланади.

Ҳовлининг марказий элементи меҳмонларни ёмғирдан ёки тўғридан-тўғри қуёш нурларидан ҳимоя қиладиган катта пергола ҳисобланади. Ёғочдан ишланган соябоннинг бир томонида мини-кутубхона, иккинчи томонида эса амфитеатр ва экранли саҳна бўлади. Болалар учун маърузалар ва шеърият кечалари, кичик спектакль ва фильмлар намойиши, китобхонлик гуруҳлари учрашувлари, маҳорат дарслари ўтказиш режалаштирилган.

«Биз кутубхонанинг катта залини шаҳар майдони сифатида тасаввур қилдик, унинг зиналарида тўпланиш, мулоқот қилиш, ишлаш ёки интернетдан фойдаланиб ўтириш мумкин», — деди реконструкция лойиҳаси муаллифи Любовь Леонтьева.

«Кутубхона олдидаги кўчанинг ободонлаштирилиши Тошкент шаҳридаги жамоат майдонининг муносиб намунаси бўлади. Бу ерда кичик боғ ташкил этилади, болалар учун хавфсиз муҳит яратилади — улар хоҳлаган жойда ўтиришлари мумкин», — дея қўшимча қилди у.

Республика болалар кутубхонаси 2020 йил сентябрь ойида таъмирлаш учун ёпилган. Унинг очилиши 2021 йил баҳорига режалаштирилганди, бироқ кейинга қолдирилган. Биз кутубхонанинг реконструкция қилиниши ҳақида батафсил ёзганмиз. Шунингдек, Ludi Architects бюроси раҳбари Любовь Леонтьева билан интервьюни эълон қилганмиз.